UZ RU
11.11.2016

Тиббиёт ходимлари куни олдидан. ЭЛ САЛОМАТЛИГИ — ОЛИЙ САОДАТ. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида ана шу эзгу мақсад мужассам.

Тиббиёт ходимлари куни олдидан

ЭЛ САЛОМАТЛИГИ — ОЛИЙ САОДАТ

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида ана шу эзгу мақсад мужассам

Юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ халқимиз соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ҳамда маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир.

Бугун ушбу эзгу мақсадлар сари дадил одимлаб борар эканмиз, жамиятимизнинг барча соҳалари, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан тортиб, юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача — барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал ташкилий тузилмаси айни шу мақсадга хизмат қилаётир. Шунингдек, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий мактаблар негизида ташкил этилган 10 та республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия ва тиббий реабилитация, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология, эндокринология каби йўналишларда юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Замон ривожланиб, тараққиёт илдамлагани сайин, табиийки, тиббиёт олдида турган юксак илмий мақсадлар ҳам ортиб боради. Қувонарлиси, бугун ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт муассасаларида жамланган катта илмий салоҳият ушбу талабга монанд кундан-кун ривожланмоқда. Олимларимизнинг долзарб мавзулардаги илмий изланишлари натижасида тиббиётнинг йигирмадан зиёд йўналиши бўйича мингдан ортиқ даволаш-диагностика стандартлари ишлаб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, тиббиёт тизимини ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Сабаби, илғор мамлакатлар тиббиётида жорий қилинган даволашнинг деярли барча замонавий усуллари эндиликда ўзимизда ҳам қўлланилиб, жаҳондаги етакчи мамлакатларда эришилган кўрсаткичлар билан бўйлашмоқда. Энг муҳими, эндиликда даво истаб хорижга отланишга зарурат қолмаяпти. Биргина кардиология йўналиши мисолида оладиган бўлсак, ушбу соҳада қатор янги техника ва технологияларнинг амалиётга жорий этилгани ва муваффақиятли амалга оширилаётганига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, сўнгги йилларда қатор даволаш муассасаларида рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлимининг ташкил этилиши ва у замонавий ангиографик ускуналар билан жиҳозланиши мураккаб жарроҳлик амалиётларининг ижобий натижасини кафолатламоқда.

Изчил илмий изланишлар натижасида Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида юқори технологик усул – юракнинг мураккаб аритмияларида қўлланадиган радиочастотали аблация (РЧА) ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция (ЭКС) усуллари йўлга қўйилгани билан ҳақли равишда фахрлансак, арзийди. Ҳозирда радиочастотали аблация усули — кардиологик беморларни даволашда қўлланадиган халқаро стандартларга мос келувчи юқори технологик усул ҳисобланишини инобатга олсак, ушбу амалиёт салмоғи нечоғли юқори экани ўз-ўзидан аён бўлади. Энг муҳими бундай нозик ва мураккаб даволаш усулларини ўзбекистонлик кардиожарроҳлар амалга ошираётгани тарихий аҳамиятга эга.

Биринчи Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бутун дунё миқёсида катта эътирофга сазовор бўлган муҳим ташаббуслардан бири — “Соғлом она — соғлом бола” концепциясининг ҳаётий ифодаси реал воқеликка айланиши учун кўп йиллардан буён самарали фаолият йўлга қўйилган. Масалан, юртимизда скрининг ва перинатал хизматларнинг мукаммал тизими яратилгани миллий тиббиётимизнинг яна бир муваффақияти бўлди, дейиш мумкин. Зеро, соғлом авлодни вояга етказиш тўғридан-тўғри миллат, халқ тақдирига боғлиқ масала. Шу нуқтаи назардан қарасак, “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси ғояси нақадар устувор вазифа эканини теран англаймиз. Аммо соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш бир кунлик ёки бир йиллик иш эмас. У йиллар давомида амалга оширилиши лозим бўлган изчил ислоҳотларни, тизимли ёндашувни талаб этади. Демак, она-бола муҳофазаси йўлидаги кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олиш ва пировард натижада миллат генофондини соғломлаштириш ҳамда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур йўналишда олиб борилаётган тиббий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Замонавий тиббиётни шошилинч тиббий ёрдамсиз тасаввур этиш мушкул. Бугун ушбу йўналишда ҳам аҳолига тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилган. Юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари, уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизматларида янгича тизим шакллантирилган. Энг муҳими, илм-фан соҳасидаги ҳар бир янгилик тиббиётимизнинг барча бўғинларига татбиқ этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юқори технологияли диагностика-даволаш усулларининг амалиётда қўлланилиши натижасида илгари даволаш мушкул бўлган кўплаб оғир касалликларни кам жароҳатли усулларда даволаш, ногиронликнинг олдини олишда муҳим омил бўлаётир.

Сирасини айтганда, йиллар давомида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Агар рақамларга қарайдиган бўлсак, ўтган давр мобайнида юртдошларимиз саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайгани, ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 76 ёшга узайгани, аҳолимиз сони 2016 йилнинг охиригача 32 миллиондан ошиши, яъни мустақиллик йилларида халқимиз 12 миллионга кўпайгани эл-юртимизнинг ҳаёт сифати ва фаровонлиги ўсиб бораётганини яққол тасдиқлайди.

Барчамиз яхши тушунамизки, биз эришаётган улкан марра ва натижалар кўзлаган мақсадларимизнинг маълум бир қисмини ташкил этади, холос. Соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш борасида олдимизда турган долзарб вазифалар бисёр.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида бугун соғлиқни сақлаш соҳасининг узвий бўғини саналган тиббий-профилактика хизмати жаҳон андозалари талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий тизимга айлантирилмоқда. Маълумки, мазкур бўғин моҳиятан кенг жамоатчилик орасида касалланишнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу мақсадда жойлардаги уч мингга яқин қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари халқимизга хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, фармацевтика соҳасини жадал ривожлантириш, маҳаллий дори-дармон ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг талаб ва истагидан келиб чиққан ҳолда давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг арзон нархларда сотилишини таъминлаш каби масалалар ҳам олдимизда турган долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш соҳасининг икки асосий бўғини — патронаж ва “103” хизмати билан аҳолининг тўлиқ қамраб олинишига эришиш ҳам элимиз саломатлигини мустаҳкамлаш борасида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Глобаллашув даврида тиббиётда катта ютуқларни қўлга киритиш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, пировардида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиш саноқли мамлакатларгагина хос. Ушбу йўналишда юртимиздаги ўнлаб ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш ва улар хизматини энг чекка ҳудудлардаги аҳолигача яқинлаштириш, туман тиббиёт бирлашмалари фаолиятини тубдан яхшилаш ҳамиша ўз долзарблигини сақлаб қолаверади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида шарафли соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати ва бурчга садоқати ётади. Бугунги кунда 72 653 нафар малакали шифокор, 321 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходими халқимиз саломатлигини таъминлаш учун меҳнат қилиб келмоқда. Тиббиёт ходимларининг эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари, туну кун эл ғамида меҳнат қилиши эвазига шифокорлик касби бугун ўзининг юксак мақомига эришди. Аҳолининг унга ишончи, меҳри ва ҳурмати ортди. Ўз ўрнида тиббиёт тизими ходимлари ҳам изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас одимлаб бораётир. Мустақиллик йилларида юксак эҳтиромга сазовор касбга айланган — шифокорлик соҳасига бугун давлат миқёсида эътибор қаратилмоқда. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида нишонланиши ҳам соҳа вакиллари меҳнатига билдирилган юксак ҳурмат ва эъзоз ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги  

Aхборот хизмати