UZ RU
17.10.2016

Сил/ОИВ инфекцияларини тарқалишини олдини олиш бўйича худудларда мастер-класслар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикасида Силга қарши дастур бўйича фаолият кўрсатаётган Project HOPE USAID халқаро ташкилотининг техник кўмагида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульманология илмий амалий тиббиёт маркази, Республика Давлат санитария назорати маркази, Республика ДОТС маркази ва Республика ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари томонидан сентябр-октябр ойлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳари ва барча вилоятларга аҳоли, жумладан ОИВ инфекцияли беморлар ўртасида силни барвақт аниқлаш ва силга қарши кураш тадбирларининг ҳолатини ўрганиш ва жойлардаги мутахассисларга бу борада услубий-амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида мониторинг ташрифлари ўтказилди.

Ташриф давомида алоқадор хизматлар (силга ва ОИТСга қарши курашиш хизмати, санитария-эпидемиология хизмати, бирламчи звено (поликлиника /ҚВП)) ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш, ўзаро ахборот ҳамда статистик маълумотлар алмашинувини тўғри йўлга қўйиш ва ОИВ ва сил касаллиги билан касалланган беморларни диспансер назорати, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, Сил билан касалланганларда ОИВни эрта аниқлаш ва даволаш ва аксинча, ОИВ инфекцияли беморларда учрайдиган иккиламчи касалликлар жумладан сил ва пневмоцистали зотилжам (пневмоцистная пневмония) ни эрта аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ишлар сифати ўрганилди.

Ташриф давомида ҳар бир худудда 4 тадан туман танлаб олинди ва туманлардаги даволаш профилактика муассасалари жумладан, силга қарши диспансер (ёки кабинет), туман кўп тармоқли марказий поликлиника, шахар поликлиникалари, юқумли касалликлар хонаси, қишлоқ врачлик пунктлари ишлари билан танишиб, уларнинг сил ва ОИВни ривожланишини олдини олиш ва эрта аниқлаш, қўш инфекцияларни профилактикаси ва бундай беморларни даволаш, уларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш борасидаги кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати баҳоланди.

Жойлардаги мутахассисларга иккала инфекцияга тааллуқли бўлган меъёрий ҳужжатларнинг талаблари, беморларнинг тиббий ҳужжатларини тўғри юритилиши, дори-дармонлар билан таъминотини узлуксизлигини таъминлаш бўйича тавсиялар берилди ва 10 дан ортиқ мастер-класслар ташкил этилди.

Ўрганиш натижалари жамланиб, худудий бошқармаларга Сил/ОИВ инфекцияларини тарқалишини олдини олиш, бундай беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш бўйича аниқ тавсиялар билан мурожаат қилиш мўлжалланмоқда.

Буларнинг барчаси беморларга малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида қилинаётган ишларнинг бир қисми хисобланади.

UzMedInfo маркази

Aхборот хизмати