UZ RU
13.10.2016

Йодланган туз ишлаб чиқарувчилар микронутриентларга сарф-харажат қилишмайди

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 февралдаги 50-сон Қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк бошқарувининг қўшма қарори (рўйхат рақами 2828, 2016 йил 3 октябрьбилан Йодланган тузни реализация қилишдан тушган маблағларнинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Саломатлик-3» лойиҳасини амалга ошириш Марказий бюросининг махсус ҳисоб рақамида жамлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгиланишича, тузни йодлашда қўлланиладиган микронутриентларни* харид қилиш учун зарур маблағларни жамлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Саломатлик-3» лойиҳасини амалга ошириш Марказий бюросига (кейинги ўринларда – Марказий бюро) хизмат кўрсатувчи банкда махсус ҳисоб рақами очилади.

Микронутриентларни харид қилиш учун зарур маблағлар ҳажми йодланган туз ишлаб чиқарувчиларнинг (кейинги ўринларда – корхоналар) 3 йиллик эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади ва қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

дастлабки маблағлар – бойитилган I навли буғдой унини сотишдан тушган маблағлар (Ушбу маблағлар Марказий бюронинг махсус ҳисоб рақамига фоизсиз муддатли қарз сифатида ўтказилади. Қарз маблағларини қайтариш улар ўтказилган санадан бошлаб 3 йилдан кейин бошланиб, йодланган тузни реализация қилишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан 10 йил давомида, йилига 10 фоиздан амалга оширилади);

жорий маблағлар – корхоналардан йодланган тузни реализация қилишдан тушган маблағларнинг бир қисми.

Марказий бюро микронутриентларнинг корхоналарга бериладиган нархини шакллантиришда фойда олишни кўзламайди. Уларнинг нархи ҳар бир партия учун алоҳида белгиланади ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Марказий бюро корхоналарга микронутриентларни тегишли шартномалар асосида, олдиндан ҳақ тўланмасдан етказиб беради. Шартномаларда микронутриентларнинг нархи АҚШ долларида кўрсатилади, бироқ тўловлар тўлов кунидаги курс бўйича сўмда амалга оширилади.

Корхоналар йодланган тузни реализация қилишдан тушган тушумнинг олинган микронутриентлар нархига тенг бўлган қисмини 2 банк иш куни ичида Марказий бюронинг махсус ҳисоб рақамига ўтказади. Қолган маблағлар корхоналарнинг даромади ҳисобланади ва уларнинг ихтиёрида қолади.

Корхоналар ва Марказий бюро жамғарилган маблағлар юзасидан ҳар чоракда солиштирма далолатномалар тузади.

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

Қарор 2017 йил 10 январда кучга киради.

__________

* Микронутриентлар – инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган, ўрнини бошқа нарса боса олмайдиган озиқ-овқат моддалари (витаминлар ва минерал моддалар).

Манба: norma.uz