UZ RU
12.10.2016

Тиббиёт ютуқлари ва инсон саломатлиги

Пойтахтимизда сурункали бош мия қон айланиши бузилиши билан боғлиқ касалликлар диагностикаси ва уларни даволашнинг самарали технологияларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент тиббиёт академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Италия, Польша, Австрия, Жанубий Кореянинг соҳа мутахассислари иштирок этди.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, Тошкент тиббиёт академияси ректори Ш.Каримов ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар тиббий хизматни замонавийлаштириш ва халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, кейинги йилларда аҳоли орасида сурункали бош мия қон айланиши бузилиши туфайли келиб чиқадиган инсульт хасталиги кўпайиб бормоқда. Бу муаммони бартараф этиш учун профилактика ва диагностика тадбирлари кўламини кенгайтириш, илм-фанни янада ривожлантириш зарур.

Мамлакатимизда жаҳон тиббиётининг замонавий йўналишларидан бири – ангионеврология соҳаси изчил ривожланмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят бўлимлари, Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида бундай хасталикка чалинган беморларга ўз вақтида малакали ёрдам кўрсатиш учун барча шароит яратилган.

Тошкент тиббиёт академияси иккинчи клиникасининг ангионеврология бўлими ҳам ана шу йўналишда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатаётган етакчи тиббиёт муассасаларидан бири. Замонавий диагностика ва даволаш воситалари билан жиҳозланган мазкур бўлимда ҳар йили қарийб етти минг аҳолига консультатив ва мингдан зиёд беморга даволаш ёрдами кўрсатилади. Жумладан, тўрт юздан кўпроқ бемор юқори технологиялар воситасида, кам инвазив усулда операция қилинади. Тиббиёт амалиётига замонавий компьютер томография, ангиография каби усулларнинг кириб келгани касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш сифатини яхшилашга хизмат қилаётир.

Шу билан бирга инсон саломатлигига жиддий таҳдид туғдирадиган ва ногиронликка олиб келадиган бундай оғир хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида профилактика ва диагностика чора-тадбирларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Умумий амалиёт шифокорлари, неврологлар, кардиологлар, қон-томир тизими касалликларини даволовчи жарроҳлар бу борада изчил иш олиб бормоқда.

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилаётган улкан эътибор аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини тобора кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир, – дейди Самсунг тиббиёт маркази қон-томир жарроҳлиги бўлими раҳбари, профессор Ёнг Вук Ким (Жанубий Корея). – Бундай эътибор ангионеврология соҳасида замонавий даволаш усулларини жорий этишда ҳам юксак самаралар бермоқда. Таъкидлаш жоизки, тиббиётнинг ушбу йўналиши ривожи кўп жиҳатдан профилактика ва диагностика имкониятларини янада кенгайтиришга боғлиқдир. Бу борада мамлакатингизда шифо масканларини замонавий диагностика асбоб-ускуналари билан таъминлаш, малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнини тубдан такомиллаштиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар муҳим ўрин тутади.

Анжуманда ангионеврология йўналишида илм-фан эришаётган ютуқлар, бу борада жаҳон тиббиётида қўлланилаётган янги технологиялар, аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтириш, бош мия хасталикларини барвақт аниқлаш, олдини олиш ва ўз вақтида даволаш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган маърузалар тингланди. Илм-фан ва жаҳон тиббиётининг ушбу соҳадаги ютуқлари юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.

Манба: uza.uz