UZ RU
03.10.2016

Аёл саломатлиги – жамият бойлиги

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиникада аёллар ўртасида учрайдиган сут бези хавфли ўсмаларининг олдини олиш, хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлашда маҳаллаларда ташкил этилган саломатлик секторлари фаолиятини кучайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган “Соғлом она – соғлом бола” дастурида белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши самарасида аҳоли, хусусан, оналар ва болалар, ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш тобора такомиллашмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Аёллар ўртасида учрайдиган сут бези саратони жаҳон тиббиётининг долзарб муаммосидир. Бу касалликнинг олдини олиш ва эрта аниқлашда тиббиётнинг илғор услубларига асосланган тиббий-профилактика ёрдами муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда аҳолига бу йўналишда уч мингга яқин қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларда замонавий андозалар асосида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиника ана шундай замонавий тиббиёт муассасаларидан биридир. Етмиш беш мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган ушбу шифо масканида бирламчи тиббий кўрикларни халқаро тиббий стандартларга мос ҳолда ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Хусусан, сут бези саратонини эрта аниқлашда умумий амалиёт шифокорлари билан бир қаторда онколог, акушер-гинеколог кўриклари йўлга қўйилган, замонавий ультратовуш таҳлил аппаратидан самарали фойдаланилмоқда.

– Сут бези саратонининг олдини олиш ҳар бир аёлнинг тиббий маданиятига боғлиқ, – дейди мазкур оилавий поликлиника бош шифокори Кимё Шокирова. – Шу боис оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, репродуктив саломатликка салбий таъсир этадиган барча муаммолар юзасидан аҳолининг тиббий билимини ошириш, ҳар бир инсон, айниқса, аёлларнинг ўз саломатлигига масъуллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида бу йўналишда хонадонларда саккиз мингдан кўпроқ мулоқот ва суҳбатлар уюштирилди.

Давра суҳбатида шифокорлар тадбир иштирокчиларига сут бези саратонининг келиб чиқиш сабаблари, унинг олдини олишда бирламчи тиббий-профилактика кўригининг аҳамияти хусусида сўзлаб берди. Оналар, болалар саломатлигини асраш, фертиль ёшдаги аёллар ва ўсмир қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга тўлиқ қамраб олиш ва бу жараёнда аниқланган хасталикларни ўз вақтида даволаш, оилаларда тиббий маданиятни янада оширишда саломатлик секторларининг вазифалари хусусида фикрлашилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

Манба: uza.uz