UZ RU
30.09.2016

Замонавий технологиялар ва саломатлик

Пойтахтимизда кўз микрохирургиясининг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари ва шифокорлари билан бир қаторда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, АҚШ, Ҳиндистон, Испания ва Польшадан келган мутахассислар ҳам иштирок этди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази директори З.Сиддиқов ва бошқалар мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган замонавий тизими яратилганини алоҳида таъкидлади.

Тиббиёт тизимини модернизациялашга йўналтирилган кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида кўз касалликларини даволашга ихтисослашган офтальмология ва унинг замонавий йўналиши – кўз микрохирургияси соҳаси ҳам изчил ривожланмоқда. Пойтахтимизда, вилоятлар марказлари ва туманларда олтмишга яқин тиббиёт муассасалари ҳамда беш юз элликдан кўпроқ тиббиёт хоналарида бу йўналишда аҳолига юксак технологиялар воситасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказининг маслаҳат-ташхис поликлиникасига кунига бир юз элликка яқин қатнов бўлади. Жаҳон тиббиётининг энг янги диагностика ва даволаш воситалари билан жиҳозланган клиникада йилига олти мингдан кўпроқ беморда ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Олимларимиз ва шифокорлар томонидан олиб борилган изчил изланишлар натижасида катарактани даволашнинг олтин стандарти деб ном олган замонавий усуллар, шоҳ пардани кўчириб ўтказиш амалиёти, глаукома, миопия касалликлари, қандли диабетнинг оғир асорати – диабетик ретинопатия каби касалликларда лазер технологиялари воситасида тиғсиз жарроҳлик амалиётлари жорий этилгани беморларга қайта ёруғ дунёни кўриш бахтини ато этиш имкониятини бераётир.

– Ўзбекистонга биринчи бор келишим, – дейди офтальмолог олима, доктор Кристина Перес Мартинес (Испания). – Тиббиёт муассасаларида яратилган замонавий шароитларга ҳавасим келди. Хусусан, кўз микрохирургиясига ихтисослашган марказдаги имкониятлар хориждаги замонавий клиникалардан асло қолишмайди. Анжуманда кўз пардасини даволашнинг янгича усуллари бўйича маъруза қилдим. Ўзбекистонда жаҳон тиббиётининг бу соҳадаги ютуқларидан ҳам оқилона фойдаланилмоқда.

– Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тиббиётнинг барча йўналишлари, айниқса, кўз микрохирургияси соҳасида катта ютуқларга эришилди, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Николай Соболев (Россия). – Катаракта, глаукома ва унинг оғир тури неоваскуляр глаукомани даволаш, витреоритинал жарроҳлик, шоҳ пардани кўчириб ўтказиш билан боғлиқ ўта нозик ва ноёб операциялар муваффақиятли амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ. Ушбу анжуман тиббиёт соҳасида эришилаётган ана шундай муҳим янгиликлар юзасидан тажриба алмашиш ва тиббиётни ривожлантиришга оид ҳамкорлик истиқболларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

Анжуманда Ўзбекистон ва жаҳонда офтальмология ва кўз микрохирургияси соҳасида қўлланилаётган замонавий диагностика ва даволаш усуллари, илм-фан янгиликлари, кўз касалликларини барвақт аниқлаш ва даволашда янги шифобахш препаратларни қўллаш самараларига оид маърузалар тингланди. Мамлакатимиз олимлари ва хорижлик мутахассислар томонидан шифокорлар учун кўз микрохирургиясининг янгича усуллари бўйича маҳорат мактаби машғулотлари ўтказилди. Тадбир доирасида ушбу соҳада қўлланилаётган янги технологиялар ва дори-дармонлар кўргазмаси намойиш этилди.

Манба: uza.uz