UZ RU
30.09.2016

Биринчи навбатда маҳаллий дориларни таклиф этинг

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2118-2, 2016 йил 23 сентябрь) билан Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Энг аввало, Низомнинг номидаги ва бутун матни бўйича “дорихона муассасалари” деган сўзлар “дорихоналар” деган сўз билан алмаштирилди.

Аниқлаштирилишича, даволаш-профилактика муассасаларида сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган, шунингдек Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тақиқланади.

Илгари ҳужжатда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини тайинлашга, шунингдек сифатсиз дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллашга тақиқ ўрнатилганди.

Белгиланишича, эндиликда даволовчи шифокор томонидан даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга рецептда озиқ-овқатлар билан ўзаро таъсирлашувчи дори воситалари (овқатланишдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатланишдан кейин) қўлланилиши бўйича маълумотлар кўрсатилиши шарт эмас.

Шунингдек аҳолига дори воситаларини рецепт асосида беришда дорихоналарга биринчи навбатда, маҳаллий дори воситаларини таклиф этиш тавсия этилди.

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

Буйруқ 2016 йил 26 декабрда кучга киради.