UZ RU
28.09.2016

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири виртуал қабулхонаси тест режимида ишга тушди

Масалалар ва муаммолар юзасидан ариза, шикоят ёки таклифлар билан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири виртуал қабулхонасига - pm.gov.uz портали орқали мурожаат йўллаш имкони яратилди.

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Интернет тармоғидаги виртуал қабулхонаси тест режимида ишга тушди.

Ушбу виртуал қабулхона жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири номига юборилаётган мурожаатлардаги масалаларни иқтисодий, ижтимоий, молиявий ва ҳуқуқий таҳлил этиб, ҳал этилишини таъминлашга қаратилган ишларни тубдан такомиллаштириш мақсадида ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири виртуал қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини 3 хил усулда: (0 800) 210-0000 ёки «1000» қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш (қўнғироқ республика бўйича бепул, фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади), мурожаат юбориш (pm.gov.uz порталида келтирилган шаклни тўлдириш орқали) ёки O‘zLiDeP ҳудудий партия ташкилотларига ташриф буюриш орқали юбориш мумкин.

Ҳар бир мурожаат рўйхатга олинади ва ижрога юборилиб, назоратга олинади. Барча юборилган мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўрилади, таклифлар эса тегишли вазирлик ва идораларнинг фаолиятида эътиборга олинади.

Мурожаат юборган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Манба: gov.uz