UZ RU
27.09.2016

Тиббиёт соҳасида ҳамкорлик

Корея Республикасининг Инҳа университети госпитали шифокорлари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Инҳа университети госпитали шифокорларининг Ўзбекистонда бўлиш дастури доирасида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Саломатлигида муаммоси бор болаларни республика клиникалари ҳамда чет эл тиббиёт марказларида соғломлаштириш, жумладан, туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларни даволаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга молик, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Тошкент вилояти ҳудудий филиали директори Муҳаббат Йўлдошева. – Бу борада фондимиз Корея Республикаси билан қатор соғломлаштириш дастурларини амалга ошириб келмоқда. Мазкур тиббий текширувда Корея Республикаси Инҳа университети госпиталининг малакали 17 мутахассиси – жарроҳ, гастроэнтеролог, педиатр, реабилитолог, ортопед, оториноларинтолог, инфекционистлар, фармацевт, тиббиёт ҳамширалари иштирок этмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўтган йили оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг “Save the Children” халқаро фонди билан ҳамкорлик қилиб, Инҳа ва Пундан Ча университетлари госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган ўзбекистонлик болаларни бепул соғломлаштирган эди.

Инҳа университети госпитали мутахассислари ва мамлакатимиз шифокорлари Навоий вилоятида ҳам бўлиб, аҳолини умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.

Манба: uza.uz