Фармацевтика: ислоҳатлар ва амалиёт
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун маҳаллий гиёҳлардан дори воситалари ишлаб чиқариш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, жорий йилда 153 гектар майдонга доривор ўсимликлар экилди.
Вилоятнинг Бахмал, Зомин, Фориш каби тоғли ҳудудлари турли доривор гиёҳларга бой. Ушбу имкониятлардан фойдаланган Жиззах шаҳридаги “Karina KAYU” масъулияти чекланган жамияти гиёҳларни қайта ишлаш корхонаси фаолиятини йўлга қўйди. Замонавий жиҳозланган корхонада қоқигул ва наъматак доривор ўсимликлари қадоқланаётир. Корхона иш бошлагандан буён ўтган икки ойда 8 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Тоғ райҳони ва кийик ўтини тозалаб, қадоқлаш ҳам йўлга қўйилди.
– Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни қабул қилиниши фаолиятимизни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди, – дейди “Karina KAYU” корхонаси раҳбари Саҳоб Мусаев. – Жорий йил якунига қадар тиббий спирт, йод, борний кислота, нафтезин каби йигирма турдаги маҳсулотларни қадоқлашни йўлга қўймоқчимиз. Кейинги босқичда эса бир неча хил дори таблеткалари ишлаб чиқариш ва маҳсулотни хорижга чиқариш устида иш олиб борамиз.
Корхонада ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши билан янги иш ўринлари ҳам яратилмоқда. Айни пайтда бу ерда 25 киши меҳнат қилаётир.
Вилоятда доривор ўсимликлардан дори-дармон тайёрлаш йўналишидаги ишларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни билан ҳамкорликда бир неча лойиҳа амалга оширилаётир.
Зомин туманидаги “Harswood international” масъулияти чекланган жамиятида табиий гиёҳлардан 18 турдаги дори воситалари тайёрлаш бўйича янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши билан 100 янги иш ўрни яратилади.
“Jizzaxmedservis” масъулияти чекланган жамияти ва “Zominfarmservis” хусусий фирмаси ҳамкорликда барпо этаётган доривор ўсимликларни қадоқлаш ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш корхонаси ҳам ушбу йўналишдаги истиқболли лойиҳалардан биридир. Ушбу янги лойиҳада нафақат гиёҳларни қайта ишлаш, уларни етиштириш ҳам кўзда тутилган.
Манба: uza.uz