Тиббиёт коллежларида таълим сифатини янада оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт коллежларида ўтган ўқув йилида амалга оширилган ишлар ва 2016-2017 ўқув йилидаги муҳим вазифаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Андижон ва Наманган вилоятларидаги тиббиёт коллежлари директорлари, уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Тадбирда таълим сифати ва маънавий-ахлоқий ишлар самарадорлигини янада ошириш, таълим жараёнига турли интерфаол усулларни жорий этиш орқали ёшларнинг фаоллигини, ташаббускорлиги ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ўқувчилар ўртасидаги ижодий рақобатни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бугунги семинардан кўзланган асосий мақсад тиббиёт коллежларида ўқитиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, янги ўқув йилидаги муҳим вазифаларга эътибор қаратиш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада юксалтиришга кўмаклашишдир, – дейди Андижон тиббиёт коллежи директори Маъруфжон Бувабеков. – Тажриба алмашиш ва янгиликларни амалиётга татбиқ этишда бу каби тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда коллеж директорларининг мавзу доирасидаги ишларни ташкил этиш бўйича тақдимотлари тингланди. Шунингдек, ўқувчиларнинг кийиниш маданияти, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда спорт ва фан тўгараклари фаолиятини самарали ташкил этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Манба: uza.uz