UZ RU
16.09.2016

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларининг олиб борилиши ҳақида маълумот

Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси профилактикаси масалалари устивор вазифалардан бири ҳисобланиб, у давлат томонидан молиялаштирилади ва мувофиқлаштирилиб борилади. Ўтган давр мобайнида ОИВ инфекцияси тарқалиши ва унинг асоратларига қарши кураш борасида салмоқли ютуқларга эришилди.

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш борасидаги қатор давлат дастурларини амалга ошириш мақсадида Республика ОИТСга қарши кураш маркази томонидан аҳолининг турли қатламлари, хусусан ёшлар орасида бир қанча тадбирлар ўтказилмоқда.

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш соҳасида қуйидаги натижаларга эришилди:

  • мигрантларнинг ОИВ инфекциясига текширишлар билан қамраб олиниши 95%гача ортди, мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари орасида ОИВ инфекцияси тарқалиб кетишини олдини олиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда;
  • даволанишга ва ҳаёт сифатини яхшилашга муҳтож 13 минг нафардан ортиқ ОИВ инфекцияли шахсларнинг АРВТ (антиретровирус терапия) билан қамрови таъминланди;
  • никоҳланувчилар ва ҳомиладор аёллар ОИВ инфекциясига 100% текширилмоқда. ОИВ инфекциясини онадан болага ўтишини олдини олиш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида ОИВ инфекцияли оналардан 99,8%гача бўлган ҳолатда соғлом болалар туғилмоқда.

Ҳукумат даражасида қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқ, тиббиёт ходимлари, никоҳланувчилар, ҳомиладорлар, гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар, қон ва биологик суюқликлар донорлари, ОИВ инфекцияли онадан туғилган болаларда ОИВ инфекциясига мажбурий тиббий текширувлар ўтказилмоқда. Натижада йилдан-йилга лаборатория текширувлари сони ортиб бормоқда. ОИВ инфекциясига текширувлар сонининг ортиши ОИВ инфекцияли шахсларнинг эрта аниқланишига ва ОИВ инфекцияни юқтириб олишга мойил гуруҳлар орасида тегишли профилактик ва эпидемияга қарши ишларнинг ўз вақтида ўтказилишига олиб келади.

Давлат дастурлари, халқаро ташкилотлар грантлари доирасида профилактик ва эпидемияга қарши ишларнинг амалга оширилиши натижасида республикада ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик барқарорликка эришилди. 2015 йил натижасига кўра, ОИВ инфекциясининг парентерал йўл билан юқиши 2000 йилга қараганда 3,3 мартага, донорлар орасида касалланиш 2 мартага камайди. ОИВ инфекциясининг онадан болага ўтиши 18 мартага камайди, агар 2000 йилда ушбу кўрсаткич 6,3%ни ташкил этган бўлса, 2015 йил якунида бу кўрсаткич 0,2%гача камайди.

Республика ОИТСга қарши кураш маркази 2016 йилнинг июл ойидан Глобал Жамғарманинг ОИВ/ОИТС компоненти бўйича асосий реципиент бўлди.

ОИВ/ОИТСга қарши кураш, унинг профилактикаси бўйича халқаро ҳамкорлик ишлари давом этмоқда.

Манба: spid.uz