UZ RU
15.09.2016

Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар инсон саломатлигини асраш, аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришида муҳим омил бўлмоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида бу йўналишдаги ишлар янада кенгаймоқда. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётир.

Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги “Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоят кўп тармоқли шифохонаси негизида ташкил этилган марказ тасарруфида бугун 12 стационар ва 8 ёрдамчи бўлим аҳоли саломатлигини тиклашга хизмат қилмоқда. Бу ерда бир йўла 350 дан зиёд беморни стационар шароитда даволаш учун барча зарур имкониятлар яратилган.

Марказда беморларга қисқа вақт ичида аниқ ташхис қўйилиб, даволашда тез, иқтисодий тежамкор ҳамда самарали усуллардан кенг фойдаланилмоқда. Бунда хориждан келтирилган замонавий тиббиёт ускуна ва анжомлари қўл келмоқда. Марказдаги АD-629 диагностик аудиометр эшитиш қобилияти бузилган беморларга аниқ ташхис қўйса, “Mindray” D/С8 ультра товуш текшируви аппарати ўсма касалликларини эрта аниқлаш имконини бермоқда. Офтальмология бўлимидаги замонавий ускуналарда кўзнинг рефракцияси, шох пардасининг эгрилиги, ички қаватларининг кўчиши, тубига қон қуйилганлиги ва кўз тўқималари ҳажми бир неча сонияларда аниқланмоқда. Нефрология бўлимида сунъий буйрак ва сув тозалаш ускуналари ёрдамида буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар самарали даволанмоқда.

– Янги, илғор технологияларнинг жорий қилиниши давр талаби даражасида тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтирмоқда, – дейди марказнинг илмий ишлар бўйича бош шифокори ўринбосари Содиқжон Абдуллаев. – Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерга мурожаат қилган беморлар стационар ва амбулатор тартибда даволаниб, соғлом ҳаётга қайтарилди. Айни пайтда мазкур янги технологиялар билан мукаммал ишлайдиган малакали мутахассислар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур марказ тизимида мамлакатимиз етакчи илмий марказларининг раҳбарлари, профессорлари, мутахассислари учун ташкил этилган “Маҳорат мактаби” тадбирларида вилоятнинг 300 дан зиёд бош мутахассис-шифокори малака оширди.

Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш борасида ташкилий, амалий ва назарий ишлар бир-бирини тўлдирган ҳолда изчил давом эттирилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг самараси сифатида юртдошларимизнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

Манба: uza.uz