Уч юзга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди
Пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги “Мажнунтол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳар доимгидан гавжум. Бу ерда кексаю ёш тиббий кўрикдан ўтказилмоқда...
Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли аҳолининг тиббий маданияти тобора юксалиб бормоқда.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилаётган тиббий тадбирлар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
– Касалликни даволагандан унинг олдини олган афзал, дейди халқимиз. Шу боис аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш борасида тушунтириш ишларини олиб боряпмиз, – дейди тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси раҳбари Зуҳро Мусахўжаева. – Ушбу тиббий кўрик ҳам ана шундай тадбирлардан биридир. Тадбир давомида ижтимоий муҳофазага муҳтож кам таъминланган оилалар, кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари, аёллар ва болалар замонавий ускуналар ёрдамида кенг кўламли тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тадбирда 300 га яқин аҳоли дастлаб ультратовуш текширувидан, сўнгра мутахассислар кўригидан ўтди. Махсус лабораторияда умумий қон анализи топшириб, натижаларга биноан бепул дори-дармонларга эга бўлди. Махсус гуруҳ ногирон ва кексаларнинг хонадонларига бориб, уларни тиббий кўрикдан ўтказди, оила шифокори ва ҳамширага тегишли тавсиялар берди.