UZ RU
26.07.2016

Ўзбекистон Республикасида ОИТСга қарши курашиш тадбирларини ташкил этишнинг ягона тизими

Дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларнинг асосий қисми гиёҳванд моддаларни истемол қилувчилар зиммасига тўғри келади. Шуни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”  ПҚ-1023 сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ОИТСга қарши курашиш тадбирларини ташкил этишнинг ягона тизими” таркибига Ишонч хоналари киритилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус буйруғи билан республикада 230 дан ортиқ Ишонч хоналари ташкил этилиб, уларнинг фаолият низоми ва штат бирликлари тасдиқланди. Ишонч хоналари гиёҳванд моддаларни томир ичига истемол қилувчилар ўртасида ОИВ инфекцияси, гепатитлар ва жинсий йўл билан юқувчи касалликларни тарқалишини ва касалликни уларнинг оила-аъзолари, яқинлари орқали аҳолига юқишини  олдини олиш тадбирларини амалга оширувчи тиббиёт масканидир

Уларнинг самарали фаолияти туфайли гиёҳванд моддаларни томир ичига истемол қилувчилар ўртасида ОИВ инфекциясининг тарқалганлик кўрсаткичи  2009 йилга нисбатан 2015 йилда 10,9 фоиздан 5,5 фоизга яъни 2 бараварга камайди.

Бироқ, кейинги йилларда Ишонч хоналари жойлашган тиббиёт масканлари раҳбарлари томонидан Ишонч хоналарининг фаолиятига эътиборсизликга йўл қўйилмоқда. Бу ишга малакасиз, тайёргарликдан ўтмаган ходимларни жалб қилиш, уларни тез-тез алмаштириш, фаолият учун етарли шароитларга эга бўлмаган жойларни ажратилиши, зарур жихозлар билан таъминлаш, молия бошқармалари билан келишиб штатлар ажратилиши ёки ички имкониятлардан келиб чиқиб мутахассисларни жалб қилишда жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Қайд этилган бундай ҳолатлар, Ишонч хоналари фаолияти салбий таъсир қилиб, гиёҳвандлар орасида ОИВ инфекцияси, вирусли гепатитларнинг яна кўпайишига олиб келиши хавфини юзага келтирмоқда.

Шуларни инобатга олиб, Сиздан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”  ПҚ-1023 сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2014 йил 10 сентябрдаги “2014 - 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 255-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 25 мартдаги  “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясини олдини олиш чора-тадбирлари ва тиббий ёрдамни ташкил этишни янада такомиллаштириш тўғрисида” 123-сонли буйруғи (9- ва 10-иловалар) ижросини таъминлаш, гиёҳванд моддаларни томир ичига истемол қилувчилар ўртасида ОИВ инфекцияси, гепатитлар ва жинсий йўл билан юқувчи касалликларни тарқалишини олдини олиш тадбирларини узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Ишонч хоналари фаолитини танқидий ўрганиб чиқиб, уларга ОИВ инфекцияси, гепатитлар, гиёҳвандлик профилактикаси  тадбирлари бўйича тайёргарликдан ўтган малакали ходимларни жалб қилиш, фаолияти учун етарли шароитларга эга бўлган жойларни ажратиш, уларни таъмирлаш, зарур жихозлар билан таъминлаш, худудий молия бошқармалари билан келишиб штатлар ажратилиши ёки ички имкониятлардан келиб чиқиб мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўришингизни сўрайман.