Патронаж ойлиги бошланди
Мамлакатимиздаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида патронаж ойлиги бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тиббий-ижтимоий акциядан кўзланган мақсад аҳолига кўрсатилаётган тиббий-профилактика тадбирларини янада такомиллаштириш, фертиль ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар ҳолидан хабар олиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни такомиллаштиришдир.
Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 3-оилавий поликлиникада ҳам ушбу тадбир уюшқоқлик билан ташкил этилди. Замонавий андозалар даражасида барпо этилиб, яқинда фойдаланишга топширилган ушбу шифо муассасаси ҳудуддаги ўн икки маҳалла аҳолисига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Эллик нафар умумий амалиёт врачи ва патронаж ҳамширалар, тиббиётнинг ўндан зиёд йўналиши бўйича мутахассислар эл хизматида.
Мазкур оилавий поликлиника ҳудуд аҳолиси билан бир қаторда ўн тўққизта мактабгача таълим муассасаси, мактаблар, коллеж ва лицейларда таҳсил олаётган қатламни ҳам бирламчи тиббий-санитария ёрдами билан қамраб олмоқда.
Тиббий патронаж тадбирларини юқори савияда ташкил этишда оилавий поликлиниканинг маҳаллалар, таълим муассасалари, нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлиги ўз самараларини бераётир. Бунинг натижасида санитария-эпидемиология муҳитини барқарор сақлаш, касалликларнинг олдини олиш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалашга эришилмоқда.
Патронаж ойлигини ташкил этишда оилавий поликлиника шифокорларига Миробод тумани тиббиёт бирлашмаси, 3-шаҳар шифохонаси, 4-туғруқ мажмуаси шифокорлари кўмаклашмоқда.
Шифокорлар Янгизамон маҳалласида яшовчи Холдорбековлар оиласига келди. Патронаж ҳамшира Феруза Қундузова хонадон бекаси Нозимахон ва унинг беш ойлик чақалоғи Улуғбекни тиббий кўрикдан ўтказди. Онанинг саломатлиги яхши, бола ҳам соғлом улғаяётган экан. Тиббиёт ходимлари онага болани кўкрак сути билан озиқлантиришни давом эттириш ва чақалоқни парваришлаш бўйича маслаҳат берди. Оиланинг бошқа аъзолари ҳам кўрикдан ўтказилди.
– Патронаж ҳамшира нафақат ўзига бириктирилган хонадон аъзоларининг саломатлиги, балки оиланинг ижтимоий ҳолатидан ҳам хабардор бўлиши керак, – дейди Миробод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Нигора Раззоқова. – Негаки инсон саломатлигини асраш кўп омилларга боғлиқ бўлиб, бу жараёнда оилада тиббий маданият даражаси, турмуш тарзи, психологик, ижтимоий муҳит, тозалик, ҳудуддаги экологик ҳолат каби масалалар муҳим роль ўйнайди. Мамлакатимизда ушбу йўналишда шаклланган замонавий тиббиёт тизими ва амалга оширилаётган соғломлаштириш тадбирлари туфайли аҳоли орасида касалликларни барвақт аниқлаш кўрсаткичи ошди. Халқимизнинг ўз соғлигига эътибори ва соғлом турмуш юритишга интилиши кучаймоқда.
Тиббий патронаж ойлиги инсон саломатлигини асрашга йўналтирилган ана шундай кенг қамровли вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил бўлаётир. Жорий йилнинг 1 мартидан 1 апрелигача ўтказилган ойлик доирасида 19 миллиондан зиёд аҳоли қамраб олинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, бирламчи тиббиёт муассасаларида бу галги тадбирни ҳам юқори савияда ташкил этишга қизғин ҳозирлик кўрилди. 11 августга қадар давом этадиган ушбу тиббий-ижтимоий акцияда ўттиз мингдан зиёд умумий амалиёт врачлари ва патронаж ҳамширалар, тиббиётнинг ўттиздан кўпроқ йўналиши бўйича мутахассислар иштирок этади.
Патронаж ойлиги даврида хонадонларга қатновларни амалга ошириш билан бир қаторда мазкур хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, аҳоли саломатлигида ҳамда касалликни юзага келтириши мумкин бўлган омиллар, мавжуд муаммолар ечимини топиш ва бартараф қилиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларига ахборот киритиш ва тегишли чораларни белгилаш вазифалари амалга оширилади.
Маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда маҳалла фуқаролик йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, таълим тизими ва бошқа нодавлат ташкилот вакиллари иштирокида касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тадбирлар ташкил этилади.
Манба: uza.uz