Аҳоли саломатлиги доимий эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган патронаж ойлиги Навоий вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда. Соғлом она ва бола йилида, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, патронаж хизматини янада юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда патронаж ойлигига 148 қишлоқ врачлик пункти, 4 оилавий ва 10 кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда 7 диспансернинг 1 минг 534 патронаж ҳамшираси жалб этилган. Улар ойлик давомида хонадонларда бўлиб, ҳар бир оила аъзоси саломатлиги тўғрисидаги маълумотларни янгилайди.
Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Истиқлол” қишлоқ врачлик пункти жамоаси ойлик доирасида тиббий текширув ва тушунтириш-тарғибот ишларини янада самарали ташкил этмоқда.
– Ушбу тадбирга муассасамизнинг 7 ҳамшираси ва 3 шифокори жалб этилган, – дейди қишлоқ врачлик пункти мудираси Лобар Идиева. – Ойлик давомида биз хизмат кўрсатадиган “Арабхона” ва “Қўҳрон” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 4 мингдан зиёд аҳоли ўртасида тиббий текширув ва тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, ёш оналар, болалар, фертиль ёшидаги аёллар, ўзгалар парваришига муҳтож инсонлар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, зарур дори-дармонлар тарқатилмоқда. Оилаларда соғлом турмуш тарзи ҳақида кенг тушунча берилмоқда.
Қишлоқ врачлик пункти “Саломатлик – 3” лойиҳаси асосида барча зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Биринчи ёрдам кўрсатиш, лаборатория, ташхис, физиотерапия, муолажа хоналарида аҳолига намунали хизмат кўрсатилмоқда/
Манба: uza.uz