Спортчи оила – соғлом оила
Самарқандда “Отам, онам ва мен – спортчи оила” мусобақаси бўлиб ўтди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 16 оилавий жамоа қатнашди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Раббимова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ҳар йили вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида янги спорт иншоотлари бунёд этилмоқда. Биргина жорий йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига вилоятда қирқдан зиёд спорт заллари ва мажмуалари қурилмоқда. Ҳар бир маҳаллада спорт майдончалари ташкил этилиб, аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Тайлоқ туманидан Назаровлар оиласи барча шартларни аъло даражада бажариб, бош совринни қўлга киритди. Нарпай туманидан Рашидовлар оиласи иккинчи, Пахтачидан Очиловлар оилавий жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
– Оила аъзоларимизнинг барчаси спорт билан шуғулланади, – дейди мусобақа ғолиби М.Назаров. – Ўғлим Нурбек таэквондо тўгарагига қатнашади. Қизим Дилноза эса бадииий гимнастика сирларини ўрганмоқда. Бу каби мусобақалар оилаларда спортнинг оммавийлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Мусобақа ғолиб ва фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Манба: uza.uz