Патронаж хизматидан аҳоли мамнун
Фарғона вилоятидаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида патронаж ойлиги давом этмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини асраш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишда юксак самаралар бермоқда.
Фарғона вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури асосида бирламчи тиббий-санитария хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Сўнгги йилларда вилоятда 283 қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. Уларнинг 61 таси учун янги бинолар қурилди, мавжудлари капитал реконструкция ва таъмирдан чиқарилди.
Бугун вилоятнинг энг чекка ҳудудида ҳам замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Саломатлик лойиҳалари доирасида ФЕК, ЭКГ, автоклав, центрифуга ва бошқа замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг касб маҳоратини ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Туман тиббиёт бирлашмалари қошида ҳамширалар ўқув хоналари ташкил этилган.
Вилоятда патронаж ҳамшираларнинг фаолиятини ривожлантириш, уларнинг билим ва тажрибасини ошириш ҳам доимий эътиборда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрдаги «Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда. Мазкур қарор асосида патронаж ҳамширалар иши самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тасдиқланди. Бунинг натижасида аҳолига тиббий-патронаж хизмати кўрсатиш сифати юксалмоқда.
Патронаж ойлигида мазкур йўналишдаги ишларнинг кўлами янада кенгаймоқда. Ойлик доирасида маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, аҳоли иштирокида касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилаётир.
Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” қишлоқ врачлик пунктида ҳам патронаж ойлиги юксак савияда ташкил этилмоқда. Мазкур ҚВП ҳудуддаги 8 мингдан ортиқ аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатади.
Замонавий қишлоқ врачлик пункти “Саломатлик-2” лойиҳаси доирасида тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Ташхис қўйиш, даволаш, тиббий кўрик ишлари намунали йўлга қўйилган ҚВПнинг малакали тиббиёт ходимлари асосий эътиборни профилактика ишларини кучайтиришга қаратмоқда. Эмлаш тадбирлари юқори даражада ўтказилади. Қишлоқ врачлик пункти мудири Шаҳло Суярқулованинг таъкидлашича, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом оила ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича олиб борилаётган тушунтириш ишлари яхши самара бераётир.
Ойлик давомида муассасанинг 7 патронаж ҳамшираси ҳудуддаги хонадонларда бўлиб, аҳоли саломатлиги ва касалликни юзага келтириши мумкин бўлган омилларни ўрганиб чиқмоқда. Оналар ва болалар, ўзгалар парваришига муҳтож инсонлар, ёлғиз кексалар, ногиронларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, 2 минг 350 дан ортиқ фертиль ёшидаги аёлларга тиббий маслаҳатлар берилмоқда.
– Илгари арзимаган нарса учун ҳам туман марказига боришга мажбур эдик, – дейди меҳнат фахрийси Хурсаной Бўтаева. – Энди қишлоғимизнинг ўзида замонавий тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Айниқса, патронаж ҳамширалар, шифокорлар ҳар бир хонадонга бориб оилалар саломатлигидан доимо хабардор бўлиб турганидан миннатдормиз.
Манба: uza.uz