UZ RU
16.07.2016

Иммунизация тадбирлари самаралари

Пойтахтимизда мамлакатимизда эмлаш орқали юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада эришилаётган натижалар, иммунизация дастурини молиялаштиришни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сэбин вакцина институти (АҚШ) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда депутатлар, давлат органлари, жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Н.Айтжонова, Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Б.Алматов, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эпидемиологи Н.Отабеков ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юқумли касалликларга қарши кураш борасида замонавий тизим яратилгани мамлакатимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ва инсон саломатлигини асрашнинг муҳим омили бўлаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда миллий эмлаш тақвими яратилиб, ўн саккиз ёшгача бўлган болалар ўндан кўпроқ касалликка қарши бепул эмланмоқда. Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида илгарилари болалар саломатлигига жиддий таҳдид туғдирган кўплаб касалликларнинг олдини олишга эришилмоқда. Иммунопрофилактика тадбирларига кетадиган маблағлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётир. 2015 йилда ушбу мақсадлар учун 13 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилди.

Миллий эмлаш тақвими ривожланган давлатлар тажрибаларидан келиб чиқиб доимий бойитиб борилаётир. 2014 йилда бу соҳага янги ротавирус инфекцияси, 2015 йилда пневмокок инфекциясига қарши вакцина жорий этилди.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар янада кенгаймоқда.

– Ўзбекистонда иммунизация ишлари жаҳон андозалари даражасида ташкил этилаётир, – дейди Сэбин вакцина институти ходими Ека Пааташвили.– Эмлаш режалаштирилган қатлам тўлиқ қамраб олинмоқда. Иммунопрофилактика ишлари узвийлиги ва хавфсизлиги таъминланаётир. Бунинг натижасида полиомиелит, қизамиқ, дифтерия, қоқшол каби оғир касалликлар бартараф этилди, эпидемиологик барқарорлик таъминланмоқда. Ушбу анжуманда ана шундай эзгу ишларни янада кенгайтириш билан боғлиқ вазифалар юзасидан фикр алмашдик.

Анжуманда иммунизация ишларини ташкил этишда Ўзбекистон тажрибаси, вакциналар харид қилишни давлат бюджетидан молиялаштириш истиқболларига оид маърузалар тинланди.

Манба: uza.uz