Саломатликнинг муҳим шарти – ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик
Жаҳон оммавий ахборот воситалари Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг маълумотларига асосланиб, кейинги пайтларда айрим мамлакатларда хавфли инфекциялар билан боғлиқ вазият мураккаблашаётганини билдирмоқда. Қатор давлатларда куйдирги, оқсил ва Қрим-Конго геморрагик иситмаси каби касалликларнинг тарқалаётгани кузатилмоқда.
Мамлакатимизда бундай касалликларга қарши мустаҳкам ҳимоя тизими яратилган. Чорва моллари ва ҳайвонларнинг юқумли касалликларига қарши чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ширкат ва фермер хўжаликлари, аҳоли қарамоғидаги чорва моллари мунтазам клиник кўрикдан ўтказилмоқда. Қирқим мавсумига тайёргарлик кўриш, эктопаразитларга қарши ишлов бериш ҳамда касалликларнинг олдини олиш мақсадида дезинсекция ва чўмилтириш воситалари жойларга етказиб берилмоқда.
Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида жорий йилда 230 мингга яқин чорвачилик объектлари дезинфекция қилиниб, 24 миллиондан ортиқ чорва профилактик чўмилтирилди. 30 миллион бошдан ортиқ чорва моллари куйдирги, 6 миллион 182 минг бош чорва оқсил касаллигига қарши эмланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ чорвани ўта хавфли касалликларга қарши эмлаш учун вакциналар бепул ажратилмоқда. Жойларда тизимли равишда эпизоотологик мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Барча тоифадаги хўжаликларда эҳтиёткорликни янада ошириш, юқумли касаллиги гумон қилинган чорва молларини алоҳида сақлаш учун махсус жойлар ташкил этилган. Эҳтиёт шарт сифатида саҳро зоналарида керакли кийим-кечак, асбоб-анжомлар билан таъминланган эпизоотияга қарши отрядлар фаолият юритмоқда.
Куйдирги, оқсил ва бошқа турдаги хавфли касалликлар юртимизга четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида бозорларда, кушхона, сўйиш майдончалари, гўшт дўконлари ва бошқа жойларда чорва моллар миграцияси устидан давлат ветеринария назорати янада кучайтирилди. Қўшни давлатлар билан чегара ҳудудлардаги барча чорвачилик объектлари дезинфекция қилиниб, чорва моллари кўрикдан ўтказилиб, чўмилтириш тадбирлари амалга оширилди. Қўшни давлатлардан олиб келинаётган чорвачилик маҳсулотлари ва ҳайвонларни юртимизга киритиш борасида баъзи чекловлар ўрнатилди. Бу чегара ҳудудларида фаолият юритаётган ходимларимиздан ўта ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Ана шундай эътибор ва ҳушёрлик натижасида юқумли касалликлар қайд этилган давлатлардан рухсатномасиз олиб келинган декоратив қушлар, тухум, гўшт-сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар мамлакатимиз ҳудудига киришининг олди олинмоқда.
Маълумки, чорва молларининг катта қисми шахсий хўжаликларда боқилади. Уларнинг эгаси ҳайвонларни асрашни билиши ва бу борадаги талабларга қатъий риоя қилиши касалликлар тарқалишига қарши энг мустаҳкам тўсиқдир. Мисол учун, мол олиб-сотилганда ёки вақти-вақти билан уни ветеринар назоратидан ўтказиш керак. Чорва аввал эмланган ёки эмланмаганига қараб мутахассислар хизмат кўрсатади. Ҳар бир касалликнинг эмлаш даври ва тартиби бор. Оқсил касаллигининг олдини олиш учун ҳар олти ойда, қутуриш ва бруцеллёз касаллигига қарши бир йилда бир марта эмланади.
Мамлакатимизда ветеринария хизматини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли хайвонларнинг юқумли касалликларини аниқлаш ва олдини олиш имконига эгамиз. Давлат ветеринария хизматлари замонавий асбоб-ускуналар, совуткичлар, микроскоплар ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлангани юқумли касалликларга тезкор ташхис қўйиш имконини бермоқда.
Жойларда олиб борилаётган эпизоотияга қарши тадбирларнинг ўз вақтида ва самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан минг дона пуркагич, тўрт юз дона эмламаларни олиб юриш учун махсус термосумкалар, юздан ортиқ мотоцикллар харид қилиниб, қишлоқ жойлардаги ветеринария хизмат кўрсатиш нуқталарига етказиб берилди.
Шу билан бирга, эпизоотияга қарши ишларни мувофиқлаштириш мақсадида мамлакат, вилоят ва туманлар кесимида штаблар тузилиб, ҳайвонларни профилактик эмлаш, ташхислаш, даволаш, чўмилтириш, чорвачилик объектларини профилактик дезинфекциялаш ишларининг таҳлили олиб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида 6 мингдан зиёд маҳаллаларда аҳоли орасида ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликлари келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган семинарлар ташкил қилиниб, эслатма ва буклетлар тарқатилди.
Мамлакатимиз ҳудудига ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликларининг кириб келишига йўл қўймаслик ҳамда тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган эҳтиёткорлик чоралари ўз самарасини бераётир. Натижада мамлакатимиз ҳудудида барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда.
Баҳром Норқобилов,
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
давлат ветеринария бош
бошқармаси бошлиғи.
Манба: uza.uz