Шошилинч тиббий ёрдам тизими истиқболлари
Миллий матбуот марказида мамлакатимиз аҳолисига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори А.Ҳожибоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ташкил этилган шошилинч тиббий ёрдам хизмати соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида тиббиётнинг барча йўналиши каби шошилинч тиббий ёрдам хизматининг ҳам моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, аҳолига бу йўналишдаги тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари такомиллашиб бораётир.
Бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг вилоят бўлимлари, бир юз етмишдан зиёд субфилиаллари, “103” тез тиббий ёрдам ҳамда санитар авиация хизмати эл саломатлигини асраш йўлида туну-кун узлуксиз фаолият олиб бормоқда.
Замонавий тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази олимлари ва шифокорлари томонидан ҳудудларда маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар жараёнида малакали тиббий ёрдамга муҳтож беморлар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилмоқда. Жойлардаги клиникаларда кўргазмали операциялар намойиш этилиб, янги диагностика ва даволаш усуллари ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этилмоқда.
Шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг автопарклари ҳам тобора янгиланмоқда. Кейинги йилларда тез тиббий ёрдам муассасалари тўрт юзта махсус транспорт билан таъминланди. Бу чақириқларга ўз вақтида етиб бориш ва инсон саломатлигини асрашнинг муҳим омили бўлаётир.
Матбуот анжуманида шошилинч тиббий ёрдам тизимида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати, илм-фан ва жаҳон тиббиёти ютуқларини амалиётга татбиқ этиш самаралари, инсон саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган лойиҳалар натижалари ва истиқболдаги вазифаларга оид маълумотлар берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Баҳор Хидирова, ЎзА
Манба: uza.uz