UZ RU
20.06.2016

Алкоголь ва тамаки сотувчиларига харидор ёшини сўраш мажбурияти қўйилди

Ўзбекистон ҳукумати 10 июндаги қарори билан Мамлакатда чакана савдо қоидаларига ўзгартишлар киритди. Ҳужжат Lex.uz сайтида эълон қилинди.

Эндиликда алкоголли ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган сотувчи 20 ёшдан кичик кўринган харидорлардан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишни талаб қилишга мажбур. Бундай ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда сотувчи маҳсулотни сотишдан бош тортиши шарт.

Бундан ташқари, қоидаларга биноан эндиликда болалар ўйинчоқлари, конфет ва бошқа болалар товарлари кўринишидаги алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланди.

Шунингдек, алкоголли маҳсулотлар 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги ҳамда алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг инсон организмига салбий таъсири ҳақидаги огоҳлантирувчи ёзувлар мавжуд бўлмаган савдо нуқталарида сотиш тақиқланди.

Алкоголли маҳсулот идиши ва тамаки маҳсулоти қутиси (ўрами)да уларни истеъмол қилишнинг инсон организмига салбий таъсири тўғрисидаги матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам уларни савдога чиқариш тақиқланди.

Худди шундай талаблар Ўзбекистонда умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига ҳам киритилди. Қўшимча равишда, қоидаларда умумий овқатланиш жойларида алкоголь маҳсулотларини олиб чиқиб кетиш учун сотиш тақиқланди.

Манба: gazeta.uz