Соғлом турмуш тарзи ва саломатлик
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари билан ҳамкорликда соғлом турмуш тарзининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази олимлари, мутахассислар, экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё.Умаров, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Шодмонов, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори С.Исмоилов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар жараёнида оилада тиббий маданиятни юксалтириш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилаётган эътибор аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури асосида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Соғлом турмуш тарзи инсон соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминловчи муҳим жараён бўлиб, у кўплаб тиббий-ижтимоий омилларга боғлиқдир. Мамлакатимизда бу борадаги чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган ва замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда. Ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳолининг саломатлик кўрсаткичи яхшиланмоқда, касалликларнинг олди олинаётир.
Бу борадаги натижаларни янада юксалтиришда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини изчил тарғиб этиш, ҳар бир инсонда ўз соғлиғи учун масъуллик ҳиссини кучайтириш, оилаларда рационал овқатланиш маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида жисмоний фаолликни кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга.
Давра суҳбатида соғлом турмуш тарзининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эндокринологик касалликларнинг олдини олиш, тиббий-профилактика соҳасидаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш билан боғлиқ вазифалар хусусида фикрлашилди.