Болалар соғлиғи давлат эътиборида
Миллий матбуот марказида мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Д.Аҳмедова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилаётган доимий эътибор самарасида мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлод вояга етаётганини таъкидлади.
Юртимизда «Соғлом она – соғлом бола» ғоясини мужассам этган дастурлар асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Она-бола скрининги, перинатал, репродуктив саломатликни муҳофазалашга йўналтирилган хизматлар ривожланмоқда. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш, аҳоли орасида микронутриент етишмовчилигининг олдини олиш, ҳомиладор аёлларни поливитаминлар билан таъминлаш, унни бойитиш, тузни йодлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Тиббий маданият, соғлом турмуш тарзи ва рационал овқатланиш тартиблари кенг тарғиб этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарори ва «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар янада кенгаймоқда.
Ушбу ҳужжатлар асосида тиббиёт муассасалари, хусусан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича жаҳон тиббиёти ютуқлари амалиётга татбиқ этилмоқда. Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтириш, аёллар ва болалар шифокорларининг малакасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Матбуот анжуманида оналар ва болаларга тиббий-профилактика, диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатиш борасида яратилган замонавий тизим, бу йўналишда тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган маърузалар тингланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.
Источник: uza.uz