UZ RU
18.06.2016

Фуқароларни сайёр қабуллари

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига асосан ҳамда Вазирлар Махкамасининг 2014 йил 13 майдаги 68-сонли мажлис баёнининг ижросини таъминлаш мақсадида Бош вазир ўринбосари томонидан тасдиқланган жадвалга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда соғлиқни сақлаш вазири ва вазир ўринбосарларининг маҳаллий хокимият вакиллари билан ҳамкорликдаги сайёр қабуллари ўтказилмоқда.

Мазкур сайёр қабулларда ҳар бир вилоятда 60-80 нафар фуқаролар қабул қилиниб, уларнинг муаммо ва эътирозларининг ечими топилмоқда ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Қабуллар натижалари бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож бепул даволаниш имтиёзига эга бўлган фуқаролар Республика ихтисослаштирилган марказлари, олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш институтлари клиникаларида стационар даволаниш учун махсус йўлланмалар билан таъминланмоқдалар. Хар бир ўтказилган фуқароларнинг сайёр қабуллари ва аҳоли билан учрашувлар жараёнлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларининг кенгайтирилган йиғилишларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни самарали ташкил этиш, мурожаатларни кўриб чикишда натижадорликни таъминлаш ва уларнинг сонини камайтиришга эришиш мақсадида мурожаатлар юзасидан доимий таҳлил ва назорат ишлари ўтказилмокда.

Жорий йилнинг июнь ойида навбатдаги сайёр қабуллар республиканинг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилди ва жами 200 дан ортиқ фуқаролар қабул қилинди. Қабул натижалари бўйича вилоят тиббиёт муассасаларида даволаниш учун 50 дан ортиқ беморга, республика клиникаларида даволаниш учун 15 та беморга имтиёзли йўлланмалар ажратилди, фуқароларнинг саволларига батафсил жавоблар берилди.