UZ RU
Замонавий ҳамшира 26.04.2016

Замонавий ҳамшира

Латофат ШАЙДУЛЛАЕВА,

Самарқанд вилояти онкология диспансерининг радиология бўлими катта ҳамшираси:     

— Ўрта тиббиёт ходимининг ихтисослашуви қачон ва қай тартибда амалга оширилади?

— Ўрта тиббиёт ходимлари ва доришунос кадрларнинг ихтисослашуви тиббий таълимдаги қайта тайёрлаш тури ҳисобланади. Бу билан кейинги даражадаги бўш лавозим (ёхуд ўша даражадаги)ни, бироқ бошқа ихтисосликдаги лавозимни эгаллаш имкониятига эга бўлиш мумкин. Ихтисослашув мутахассиснинг малака таснифига мувофиқ, кейинчалик тиббий профессионал фаолиятнинг янги турини бажариш мақсадида касбий билим, малака ва кўникмаларни ўзлаштиришга йўналтирилади.

 Ихтисослашиш асосий ишдан ажралган ҳолда ва ўқитишнинг тўлов-контракт шартлари асосида, гуруҳларда ёки якка тартибда амалга оширилади. Якка тартибда ўқиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Республика  ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази томонидан белгиланади.

 

Нилуфар АСҚАРОВА,

Тошкент шаҳридаги «Нигина лор сервис» хусусий шифохонаси ҳамшираси:

— Ҳамшира хусусий клиникага ишга қабул қилинаётганда у малака тоифасини олган бўлиши шартми?

— Ўрта тиббиёт ходими нодавлат тиббиёт муассасасига ишга жойлашаётганда малака тоифасига эга бўлиши талаб этилмайди.

— Лекин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил, 29 мартдаги 92-сонли қарори билан тасдиқланган "Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисида"ги низом (8 банди)га мувофиқ, нодавлат тиббиёт муассасасида ишлаётган ўрта тиббиёт ходими камида 5 йилда бир маротаба малака оширишга оид талабларга риоя этиши лозим. Шунингдек, марказлаштирилган стерилизация бўлими (МСБ) ҳамширасига шундай мажбурий талаб қўйилган:  ҳамшира нодавлат тиббиёт муассасасидаги МСБга ишга кираётганда стерилизация асбоб-ускуналарида ишлаш учун таълим олганлиги тўғрисидаги тиббий маълумот ва гувоҳнома (сертификат, рухсатнома)ни тақдим этиши лозим.

 

Мадина ИБРАГИМОВА,

Пахтакор туманидаги «Самарқанд» қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси:

— Хорижда ўқиб, диплом олган ҳамшира Ўзбекистонда яшаш учун кўчиб келди. Унинг дипломи юртимизда расмий ҳужжат сифатида тан олинадими?

— Хорижда ўқиб диплом олган фуқаронинг дипломи Давлат тест маркази қошидаги нострификация комиссиясида кўриб чиқилиб, Ўзбекистонда тан олинганлик гувоҳномаси берилгандан сўнггина мамлакатимизда ишлаш ҳуқуқи берилади.

— Диплом соҳиби ариза билан Давлат тест марказига мурожаат этиши лозим.

 

Хурлиман АБДУКАРИМОВА,

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиалининг тез тиббий ёрдам бўлими бош ҳамшираси:    

— Маълумки, юртимизда ўрта тиббиёт ходимларининг билимини баҳолашда малака тоифасини бериш учун аттестациядан ўтказиш услуби муҳим аҳамият касб этади. Айтинг-чи, мутахассисларнинг билим даражасини синовдан ўтказишда яна қандай усуллар мавжуд?

— Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2015 йил, 19 январдаги "Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тўғрисида"ги  2649-сон билан Давлат рўйхатидан ўтказилган тартибга асосан, тиббиёт ходимлари  аттестациядан икки босқичда ўтказилади.

Аттестациянинг биринчи босқичида талабгор компьютер воситасида тест синовини топшириши керак. Бунда унга мутахассислиги бўйича 50 та тест саволи берилади. Ҳар бир савол бир баллик тизимда баҳоланади. Тест синовида тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан ортиғини тўплаган талабгорлар аттестациянинг иккинчи босқичига киритилади. Улар бир йил давомида аттестациянинг иккинчи босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Тест синовида тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан кам балл олган талабгорларга эса бир йил ичида бир маротаба тест синовини қайта топшириш имконияти берилади. Тест синови ўтказилган кундан эътиборан, бир йил давомида қайта тест синовида иштирок этмаган ёки унда тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан кам балл олган талабгорлар аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.

 Аттестациянинг иккинчи босқичи 5 та саволдан иборат билет асосида суҳбат шаклида ўтказилади. Талабгорнинг саволларга жавоблари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

* кадрнинг ўз мутахассислиги бўйича тайёргарлик даражаси;

* касбий фаолият натижалари, умумий ва махсус билим ҳамда амалий кўникмалар;

  * ўз хизмат вазифаси билан боғлиқ фаолиятни таҳлил қила олиш ва касбга боғлиқ вазиятли масалаларни тўғри ҳал қилиш қобилияти;

* замонавий профилактика стандартлари, диагностика ва даволаш усулларини билиш ҳамда амалиётда қўллай олиш (врачлар учун);

* тиббиёт деонтологияси ва касб этикасининг асосий принципларини билиш;

* соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, шу жумладан, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизими тартиб-таомилларидан хабардорлик даражаси текширилади.

Талабгорнинг ҳар бир саволга жавоби аттестация комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан ўн баллик тизимда баҳоланади. 

 

Дилрабо МАЖИДОВА,

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилояти филиали бўлимининг катта  ҳамшираси:

— Ҳамшира лавозим бўйича ишга жойлашаётганда суҳбатдан ўтказилишига эътироз билдириши мумкинми?

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида олий ҳамширалик иши ва ўрта тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш масаласи тасдиқланган тартиб ва мутахассисларнинг лавозимлар рўйхати асосида амалга оширилади. Агар тартибга кўра, ҳамшира ишга қабул қилинаётганда суҳбатдан ўтказилиши лозим, деб топилса, унинг эътирози ноўриндир. 

 

Зилола МАМАЖОНОВА,

Оҳангарон тумани қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси:

 

— Маълумки, ўрта тиббиёт ходимларининг узлуксиз таълим олишини таъминлаш мақсадида дарслар (иш жойида) ташкил этилиши лозим. Бу вазифани бажаришга, яъни ҳамширага сабоқ беришга кимлар масъул саналади?

— Даволаш-профилактика муассасаларидаги ўрта тиббиёт ходимларининг йил мобайнида узлуксиз малака ошириб бориши давр талабидир. Зеро, бундан кўзланган мақсад, тиббий муассасаларда фаолият юритаётган ўрта тиббиёт ходимларини иш жойидан ажратмаган ҳолда узлуксиз ўқитиш, уларнинг замон талаблари даражасида билим ва кўникмаларга эга бўлишини таъминлашдир.

Ўқитишнинг турли усулларидан фойдаланилади.  Ўрта тиббиёт ходими ўз устида доимий ва мустақил ишлаши, касбий даражасини мунтазам ошириб бориши учун даволаш-профилактика масканида узлуксиз ўқитиш тизимини шакллантириш мақсадга мувофиқ. Ва албатта, ўрта тиббиёт ходимларининг билимини ошириш бўйича зарур режа ва дастурларни даволаш-профилактика муассасаси раҳбари, бош, катта ёки етакчи ҳамширалар белгилайди.

 

Ф.Санаев тайёрлади.