UZ RU
20.04.2016

“Соғлом она ва бола йили”да оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги устувор масалалар: амалиёт, тажриба ва истиқболдаги вазифалар” мавзуидаги навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди

Шу йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Соғлом она ва бола йили”да оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги устувор масалалар: амалиёт, тажриба ва истиқболдаги вазифалар” мавзуидаги навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда таъкидланганидек, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 1998 йил Оила йили, 2000 йил Соғлом авлод йили, 2001 йил Она ва бола йили, 2008 йил Ёшлар йили, 2012 йил Мустаҳкам оила йили, 2014 йил Соғлом бола йили, деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан тегишли давлат дастурларининг бажарилгани бу борадаги эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бунинг самарасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Ўзбекистонда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинган жорий йилда ҳам бу борадаги изчил ишлар давом эттирилиб, янада кенгайтирилади.

2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тасдиқланди. Унда «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади» деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни жамиятимизда теран англаш ва қарор топтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, оила институтини мустаҳкамлашда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Ўтган йиллар мобайнида “Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилиши натижасида – скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказлар ва уларнинг вилоятлардаги филиаллари миллий тиббиётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллади. Бундан ташқари, айни пайтда юртимизда республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология ҳамда Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг ҳам жойлардаги филиаллари ҳамда ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Айни пайтда юртимизда 5300 нафарга яқин педиатр, 1450 нафардан зиёд неонатолог, 815 нафар болалар хирурги, 261 нафар болалар офтальмологи, 677 нафар болалар невропатологи, 800 нафарга яқин болалар стоматологи каби кўплаб мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.

Оналик ва болаликни муҳофазалашда мамлакатимизда дунё тажрибасида илк бор ҳомиладор аёлларни таркибида инсон ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган микроэлементларга эга поливитаминлар билан таъминлаш амалиёти йилдан-йилга такомиллашиб бораётир. Мутахассислар ўтказган мониторинглардан маълум бўлишича, ушбу амалиёт қўлланилиши самарасида оналар ва дунёга келаётган фарзандларнинг саломатлик кўрсаткичи янада яхшиланмоқда, туғруқ жараёни ва ундан кейинги даврларда юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ва вазни кам болалар туғилишининг олди олинаётир. Ҳаётга татбиқ этилаётган ана шундай кенг кўламли лойиҳалар самараси ўлароқ, 2005 йилдан буён ривожланишида туғма нуқсони бор болалар 1,3 баробарга камайди.

Авваллари ҳомиладор аёл саломатлигини тўла-тўкис текшириш учун пойтахтга келган бўлса, эндиликда республикамизнинг барча вилоятларида скрининг марказлари мавжуд бўлиб, у ерда кўплаб аёллар ҳомиладорликнинг 12 ва 14-20 ҳафтасида текширувлардан ўтишмоқда.

Перинатал марказларида эса ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини асрашга катта эътибор қаратилиб, ҳомиладорлик даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғуруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар парваришланмоқда. Айни чоғда бир килограммдан кам вазнда туғилган жажжи гўдаклар буткул соғломлаштирилаётгани бахтиёр оилалар сафини кенгайтирмоқда. Ваҳоланки, бундан 20-25 йил олдин тиббиётимиздаги шароитлар талаб даражасида бўлмагани туфайли ҳатто 1, 5 килограмм атрофида туғилган болаларнинг ҳам яшаб кетишига ишончсизлик билан қараларди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда болаларни ўн иккита хавфли касалликка қарши режали эмлаш янада изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йиллар давомида юртимизда оналар ва гўдаклар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 7,5 йилга узайди. Албатта, ушбу ҳаётий мисоллар биз танлаган соғлиқни сақлаш модели қанчалик тўғри ва самарадорлигини яққол тасдиқлаб турибди.

Президентимизнинг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори қабул қилиниши бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ана шу ҳужжат асосида мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган муассасаларнинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш бўйича 5 йилга мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Гап Ўзбекистон педиатрияси ҳақида кетар экан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент Педиатрия институти клиникаси хусусида алоҳида тўхталиш жоиз. Бу ердаги бино ва иншоотлар нафақат ташқи кўриниши, балки замонавий шароитлари билан ҳам киши эътиборини тортади. Ушбу даволаш муассасалари таркибига кирувчи маслаҳатлашув-диагностика поликлиникасида чуқур тиббий кўрикдан ўтиш имконияти мавжуд. Неонталогия, кичик ёшдаги болалар патологияси, болалар неврологияси, пульмонология, кардиоревматология, гастроэнтерология, гепатология, аллергология ва иммунопрофилактика, туғма ва орттирилган лор аъзолари касалликлари, болалар хирургияси каби бўлимларда эса энг илғор тиббий хизматлар кўрсатилади. Моддий-техник базасининг мустаҳкамлангани тиббиётда ноёб саналган операциялар, мураккаб текширув усулларини жорий этишга шароит туғдирди.

Айтайлик, болалар орасида туғма ва орттирилган эшитиш заифлиги деган касаллик бўлиб, мурғак қалб эгалари ушбу нуқсон туфайли бу дунёнинг бебаҳо неъматларидан бири — эшитиш қобилиятидан маҳрум бўлиб қоладилар. Бундай хасталиклар бугунги кунда саноқли давлатлардагина даволанади. Фахрланарли томони шундаки, 2014 йилдан бошлаб, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш заифлиги бўлган болаларда кохлеар имплантация операцияси йўлга қўйилди.

“Соғлом она ва бола йили”да тиббиёт муассасалари, хусусан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтириш, акушер-гинекологлар ва педиатрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бу борада 280 ўринли, бир сменада 250 кишини қабул қилиш ва йилда 1500 операция ўтказишга мўлжалланган ҳамда замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган 4-даражали болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу, ўз навбатида, оналар ва болаларга юқори технологияли малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш, чақалоқлик давридан 18 ёшга тўлгунига қадар болаларга кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, урология, нефрология, онкология ва бошқа ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, болалар ўлими ва ногиронлигини камайтириш имконини беради.

Қишлоқ жойларда замонавий тиббиёт ускуналаридан фойдаланган ҳолда биринчи тиббий-санитария ёрдами, ногирон болаларга реабилитация хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш, болалар ногиронлиги кўрсаткичларини камайтириш мақсадида уч вилоятдаги (Самарқанд, Гулистон, Урганч шаҳарлари) болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Жорий йилда 38 туман тиббиёт бирлашмасининг бўлимлари ва туғруқ мажмуаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, 11 оилавий поликлиника ҳамда 244 қишлоқ врачлик пунктини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилади. Бундан ташқари, Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация марказининг 100 ўринга мўлжалланган даволаш-ташхис қўйиш корпусини қуриш ва жиҳозлаш, Хоразм вилоятидаги болалар силга қарши санаториясини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Мухтасар айтганда, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш учун 7 триллион 483,3 миллиард сўм ва 194,4 миллион доллар йўналтирилади. Бу борадаги ишлар ва янги ташаббусларни амалга оширишни изчил давом эттириш, шубҳасиз, мамлакатимизда шаклланган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами янада йил сайин кенгайиб бораверади. Зотан, бу инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг манфаати, турмушининг ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида хизмат қилиш мамлакатимизда доимий эътибор марказидаги масала бўлиб қолади, деганидир.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.