UZ RU
20.04.2016

Шифокорлар ҳам аттестациядан ўтказилади

Айни дамда мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларида етмиш минг нафардан зиёд  шифокор эл саломатлиги муҳофазаси йўлида меҳнат қилмоқда. Уларнинг билим ва малакасини юксалтириш, самарали фаолият юритиши учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 21 январда қабул қилинган "Шифокорларни мунтазам аттестациядан ўтказиш ва олий тиббиёт таълим муассасаларига қабул квоталарини белгилаш тизимини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам ана шундай эътибор намунаси, дейиш мумкин.

Қарорда қайд этилганидек, бундан буён шифокорларнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги юзасидан мунтазам аттестация ўтказилади. Яъни, энди шифокорлар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтишлари шартдир.

Аттестацияга тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий тиббиёт муассасалари томонидан махсус комиссиялар шакллантирилади. Тиббиёт ташкилоти раҳбари аттестациядан ўтиши лозим бўлган шифокорлар рўйхати ва уларнинг ҳужжатларини электрон шаклда тегишли ишчи органига тақдим этиши керак.

Икки босқичли синов

Аттестация икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда компьютер орқали тест топширилиши белгиланган. Мазкур шарт аттестациядан ўтувчининг танловига кўра, масофадан туриб ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан компьютер заллари ташкил этилади. Тест синовлари 50 та саволдан иборат бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 1 балл билан баҳоланади.

Иккинчи босқич эса оғзаки имтиҳон шаклидадир.  Ҳар бир билетда 5 та савол бўлиб, жавоблар ўн балли шкала бўйича баҳоланади. Баҳолашда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва соҳага оид қонунчиликни билиш, тиббиёт этикаси ва деонтологияси, профессионал фаолият, касб билан боғлиқ масалаларни вазиятга қараб тўғри ҳал этиш қобилияти, замонавий профилактика, ташхис қўйиш стандартлари ва даволаш услубларини билиш, амалда қўллаш кабилар асосий мезондир.

Иккала босқичда камида 70 балл тўплаган шифокор аттестациядан муваффақиятли ўтган ҳисобланади. 70 баллдан 50 баллгача баҳо олганлар шартли равишда ўтган ҳисобланади. 50 баллдан кам баҳо жамғарганлар эса аттестациядан ўтмайди. Якуний натижаларга кўра, тўпланган балларга қараб, комиссия эгаллаб турган лавозимига лойиқ, шартли равишда лойиқ, нолойиқ, деган қарорларни қабул қилиши мумкин.

Эгаллаб турган лавозимига шартли равишда лойиқ, деб топилган шифокорлар 144 соатли малака ошириш курсларига пуллик асосда ўқишга юборилади ва йил давомида аттестациядан такроран ўтказилади.

Эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилган шифокор қайта тайёрлов курсларида ўқиганидан кейингина янги мутахассислик бўйича бўш ўринда ишлаши мумкин.

Аттестацияга узрли сабаблар туфайли кела олмаган талабгорга кейинги босқичда қатнашиш имконияти берилади. Тайинли сабабсиз келмаганлар огоҳлантирилади. Ва шундай ҳолат яна такрорланиши аттестациядан ўтаётган шахснинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги тўғрисида қарор чиқаришга асос бўлади.

Натижалардан норози бўлган шифокорлар 10 иш куни ичида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган апелляция комиссиясига ёзма  шикоятни тақдим этиш ёки қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шикоят мурожаат этувчи иштирокида, зарур ҳолларда аттестация комиссияси аъзолари ва мустақил экспертлар таклиф этилган ҳолда  кўриб чиқилади.

Аттестациядан муваффақиятли ўтганларга махсус гувоҳнома берилади. Бунинг учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди. Гувоҳнома беш йил амал қилади. Шу даврда гувоҳнома йўқолса ёки яроқсиз ҳолга келса, эгасининг аризасига биноан, унинг нусхаси тайёрлаб берилади ва бунинг учун ҳам тўлов ундирилмайди.      

Кимлар озод этилади...

Тегишли мутахассислик бўйича белгиланган тартибда амал қилинадиган малака тоифасига эга бўлган шифокорлар аттестациядан озод этилади.

Бундан ташқари, ҳомиладор ёки фарзанд тарбияси учун меҳнат таътилида бўлганлар ҳам аттестацияга жалб этилмайди. Улар ишга чиққанидан кейин орадан бир йил ўтиб, малака ошириш курсларида камида 72 соат бепул ўқигач, аттестациядан ўтказилади.

Бакалавриат, магистратура, клиник ординатура ёки бошланғич ихтисослик курсларини тамомлагач, мутахассислиги бўйича илк маротаба ишга қабул қилинган шифокорлар тегишли мутахассислик бўйича уч йил ишлагач, уч ой ичида аттестациядан ўтиши лозим.

 

Аҳрор ЯРКУЛОВ,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги

врачлар ва фармацевтларга лицензия

 бериш ва аттестациядан ўтказиш

республика маркази директори.