UZ RU
20.04.2016

Она ва бола саломатлиги йўлида

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2016 йил Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинди. Жорий йил 9 февраль куни давлатимиз раҳбарининг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу дастурни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ташкилотлари фаол иштирок этади.

Бу ишга Республика “Она ва бола скрининг” маркази ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Марказ фаолиятининг асосий вазифаси соғлом она – соғлом бола тамойилини амалга оширишга хизмат қилишдир.

 Дарҳақиқат, фарзандини дунёга келтираётган ҳар қандай аёл уни ўз кўзи билан кўришни интиқлик билан кутади. Бугунги технологик тараққиёт даврида бу жараённи ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ҳам кузатиш мумкин. Энг муҳими, бола туғилишидан аввал унинг соғлиғи ҳақида билиш ва туғруққа тайёргарлик кўриш мумкин. Буларнинг барчаси скрининг (инглизча screening – танлаб олиш, саралаш), яъни соғлиқни сақлашни ташкил этишда клиник оғриқсиз кечадиган касалликларни аниқлашга қаратилган стратегияни амалга ошириш имконини беради. Ушбу стратегиянинг мақсади касалликларни имкони борича эрта аниқлашдан иборат бўлиб, бу ногиронликнинг олдини олиш учун даволашни ўз вақтида бошлашда муҳим аҳамиятга эга.

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда чақалоқларнинг 5 фоизи туғма ва ирсий хасталиклар билан туғилмоқда. Ҳомиладорлик даврида турли ўткир юқумли касалликларни бошдан кечириш, эндокрин ва сурункали хасталиклар, бўлажак оналарнинг нотўғри овқатланиши, аёллар организмида йод, фолий кислотаси, туз танқислиги, экологик омиллар, жумладан, айрим дори препаратларини қабул қилиш бунинг асосий сабабларидир.

Ультратовушли скрининг замонавий пренатал ташхис услублари орасида алоҳида ўрин тутади. Инвазив ва ноинвазив текширувлар орасида эса биринчи ўринда туради ва юқори даражада маълумот олиш, хавфсизлиги ва оммавий фойдаланиш имконини бериши билан бошқа пренатал ташхис услубларидан ажралиб туради.

 Мамлакатимизда ультратовушли скрининг бўйича дастлабки тадқиқотлар мустақилликка эришганимиздан сўнг йўлга қўйилди. Зеро, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида Президентимиз раҳнамолигида миллат генофонди ва саломатлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омили сифатида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Дастлаб туғма ва ирсий патологиянинг олдини олиш услублари айрим тиббиёт муассасаларида қўлланилди.

Ўзбекистонда ушбу муаммо катта тиббий ва ижтимоий аҳамиятга эга экани инобатга олиниб, биринчи скрининг маркази 1997 йили Нукус шаҳрида ташкил этилди ва у Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти аҳолисига хизмат кўрсата бошлади. Ривожланишда нуқсони бор болалар туғилишининг олдини олишда ушбу муассаса фаолиятининг самарадорлиги Президентимиз ташаббуси билан 1998 йил “Она ва бола скрининги” Давлат дастурини қабул қилиш ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шундай муассасалар ташкил этишга асос бўлиб хизмат қилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 июлдаги “Оилада тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялашнинг устувор йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Президентимизнинг 2008 йил 18 июндаги “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги (2008-2012 йиллар даврида) қарорига кўра, ушбу дастур янги босқичда давом эттирилмоқда.

2013 йилда 2013-2017 йиллар даврида болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш давлат дастури қабул қилинди. Айни пайтда бу борадаги ишларга замонавий ультратовушли ташхис ускуналари ёрдамида ҳомиласи 10-14 ҳафталик бўлган барча аёллар оммавий текширувдан ўтказилаётган туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари жалб қилинган.

Бундан ташқари, Давлат дастурига мувофиқ, Тошкент вилоятида ҳам яна битта ҳудудий скрининг маркази ташкил этилади. Бу мамлакатимизнинг йирик ҳудудларидан бирида туғма ва ирсий касалликларни аниқлашни янада яхшилаш имконини беради. Барча скрининг марказлар мутахассислари Ўзбекистонда шу пайтгача эрта муддатларда ташхис қўйилмаган ва даволанмаган турли касалликларга ташхис қўйиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича янги усулларни ўзлаштирмоқда. “Она ва бола скрининги” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида ҳудудий скрининг марказлар биокимёвий анализаторлар билан жиҳозланди. Бу эса асаб-мушак тизимининг кўплаб ирсий касалликлари ва танадаги ўзгариш билан кечадиган патологик ҳолатларга ташхис қўйиш имконини беради.

Бугунги кунда скрининг тизими 12 ҳудудий ва Тошкент шаҳридаги Республика скрининг марказидан иборат бўлиб, улар ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни скрининг текширувларидан ўтказмоқда. Бу марказлар ҳомиладор аёлларда ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонларини аниқлаш учун пренатал (туғруқ олди), туғма гипотиреоз ва фенилкетонурияни аниқлаш учун оммавий неонатал (чақалоқлар) скринингини ўтказмоқда, оилаларида туғма ҳамда ирсий патологиялар бўлган беморларга тиббий-генетик маслаҳатлар бермоқда. Масалан, 1998-2015 йилларда 2,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл туғруқ олди ультратовушли текшируви, 4,8 миллиондан зиёд чақалоқ неонатал скрининг текширувидан ўтказилди. Бунинг самарасида мамлакатимизда туғма нуқсони бор болалар дунёга келиши 2000 йилга қараганда 1,8 баробар камайгани кузатилмоқда.

Бу рақамлар бугунги кунда ёш оилалар туғилажак фарзанди ҳақида кўпроқ билишга, соғлом ва бақувват болани дунёга келтиришга интилаётганини кўрсатмоқда. Бу борада уларга она ва бола скрининг марказларининг тажрибали мутахассислари ёрдам бераётир. Марказлар таркибидаги тиббий-генетик маслаҳат бўлимларида ҳомиладор аёллар ультратовушли скринингдан ўтказилиб, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия билан туғилган чақалоқлар диспансер назоратига олинади ҳамда даволанади, туғма ва ирсий касалликларни бошдан кечираётган оилаларга маслаҳат берилади.

Бошқача айтганда, ушбу бўлимлар фаолияти оилада болаларнинг туғма ва ирсий хасталиклар билан туғилишининг олдини олишга қаратилган. Генетик, невропатолог, эндокринолог, гинеколог шифокорларнинг маслаҳатлари, шунингдек, беморни махсус услублар ёрдамида текшириш ирсий касалликка ташхис қўйиш ва касаллик аломатларига қараб даволаш, оилада ирсий касаллик билан бола дунёга келишининг олдини олиш имконини беради.

 Бундан ташқари, Республика “Она ва бола скрининг” марказида фаолият кўрсатаётган генетика лабораториясида чақалоқлар туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия хасталиги бўйича текширилиб, уларда хромосома синдромини тасдиқлаш учун цитогенетик текширувлар ҳамда тана ўзгариши билан кечадиган бошқа кўплаб ирсий касалликларга ташхис қўйилади. 2012 йилдан буён бу ерда чақалоқлар ва суст ривожланаётган ҳамда томир тортишидан азият чекаётган болаларда тандем масс/спектрометрия услуби ёрдамида ирсий касалликларга (15 дан ортиқ касаллик) ташхис қўйилади.

 Республика “Она ва бола скрининг” маркази мутахассислари касалликларни юқори даражада аниқлаш имконини берадиган ультратовушли аппаратлар, биоматериалга ишлов бериш учун электрон приборлар, тандем масс-спектрометр, Дельфия/Виктор кўп функцияли биокимёвий анализатор, хромосома анализатори, муковисцидозни аниқлаш аппаратураси, ирсий касалликларни аниқлаш учун биокимёвий анализаторлар, ташхис қўйиш даражасини ошириш имконини берадиган бошқа кўплаб замонавий ускуналардан фойдаланмоқда. Ҳудудий скрининг марказлар ҳам самарали фаолият юритиши учун зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган.

 Албатта, касалликларни аниқлашда замонавий техника катта аҳамиятга эга. Аммо бундай мураккаб жараёнда юқори малакали мутахассислар алоҳида ўрин тутади. Зеро, оналар ва болалар ҳаёти уларнинг билим ва малакасига боғлиқ. Республика “Она ва бола скрининг” маркази шифокорлари ўз малакасини мунтазам ошириб, турли республика ва халқаро семинарлар, конференцияларда иштирок этмоқда, жаҳоннинг етакчи клиникалари ва ихтисослаштирилган марказлари мутахассислари билан тажриба алмашмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирда Республика “Она ва бола скрининг” марказининг хизматларидан репродуктив ёшдаги аёллар баҳраманд бўлиб келаяпти. Бу мамлакатимизда соғлом она ва соғлом бола тамойили изчил амалга оширилаётганидан даракдир. Зеро, мустаҳкам соғлиққа эга авлод истиқболимизнинг метин пойдевори, давлат ва жамият равнақининг таянчи саналади. 

 

Мадина ШАРИПОВА,

Республика “Она ва бола скрининг” маркази директори,

тиббиёт фанлари доктори.