UZ RU
07.03.2016

Аҳоли саломатлиги доимий эътиборда

Қўшнилар тўй тадоригини кечиктириб, қишлоқ врачлик пунктига ўзлари билан невараларини ҳам олиб чиқишга аҳдлашди.

– Келинларни ҳам айтинг, – деди Ойсара ая қўшниси ортидан ҳовли эшигини ёпаркан. – Бизникиларни ҳам олиб, бирга чиқишсин.

Элликқалъа тумани Амиробод овулидаги “Ибн Сино” қишлоқ врачлик пунктига одатдагидан кўпроқ одам келди.

– Оддий кунлари ҳам мижозлар кўп бўлади, – дейди қишлоқ врачлик пункти бош шифокори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Дилором Айтбоева. – Туман марказидан 45 километр узоқда жойлашган қишлоқ врачлик пунктимизда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд. “Саломатлик-1” лойиҳаси асосида қоннинг 47 таҳлилини ўтказиш имконини берадиган ФЭК ускунаси, электрон микроскоп, бир марта ишлатиладиган энг самарали скарификаторлар, беморларга аниқ ташхис қўйиш учун барча замонавий ускуналар билан тўлиқ таъминланди. Лаборатория, физиотерапия хоналари, кундузги стационар аҳоли хизматида. Шу туфайли беморларни малакали эмлаш билан бирга, турли касалликларнинг олдини олишда профилактика ишлари ҳам бажарилмоқда.

Қишлоқ врачлик пунктида 4 нафар умумий амалиёт шифокори, 1 олий маълумотли стоматолог, 6 патронаж ва 10 умумий ҳамшира фаолият юритмоқда. Умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар ҳудуддаги Ўрнак, Амиробод, Ихлос ва Баракат қишлоқларининг ҳар бир хонадонига кириб, аҳолининг тиббий ҳолатини кузатиб боради.

– Замонамизнинг зўрлигини қаранг-а, уйда ўтирган биз, қарияларнинг соғлиғимиз ҳақида қайғуриб, шифокорларнинг ўзлари келиб туради, – дейди Ихлос қишлоғидан 90 ёшли Шукуржон момо Хўжаева. – Минг шукр, ҳар ойда икки марта шифокор, ҳафтада бир марта ҳамшира келиб-кетади.

Қишлоқ врачлик пункти 2009 йилда ўтказилган “Энг намунали қишлоқ врачлик пункти” кўрик-танловининг мамлакат босқичида ғолиб бўлган ва “Damas” автомашинаси билан тақдирланган.

Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманлари, олис овулларида ана шундай замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган даволаш муассасалари аҳоли, айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг олдини олишда юксак самаралар бермоқда. Ҳудуддаги 188 қишлоқ врачлик пунктининг 71 таси замонавий лойиҳалар асосида янгидан қурилиб, энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Дорихона ва фитобарлар ишлаб турибди.

Жорий йилда ҳам манзилли дастурга кўра, Қўнғирот туманидаги “Кўкдарё”, Мўйноқ туманидаги “Орол”, Элликқалъа туманидаги “Халқобод”, Чимбой туманидаги “Қорақалпоғистон”, Нукус туманидаги “Қутанкўл” қишлоқ врачлик пунктларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА 

Манба: uza.uz