Ҳайъат йиғилиши ўтказилди
2016 йилнинг 26 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши видеоселектор кўринишида бўлиб ўтди.
Йиғилишда вазирликнинг Ҳайъат аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимлари, вазирлик тасарруфидаги ҳудудий органлар, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё.Умаров ва қўмита раисининг ўринбосари М.Ходжаева иштирок этишди.
Ўзбекистонда фармацевтика фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва уни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида М.Ходжаева ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги ваколатлари ва вазирлик олдида турган долзарб вазифалар ҳақида М. Ибрагимова маъруза қилди.
Вазир А.В.Алимов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 февралдаги ПФ-4782-сонли “Аҳолининг кам ҳимояланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий-ижтимоий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижроси юзасидан барча йиғилганларга маълумот берилди.
Йиғилишда, режага асосан қатор масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Назорат инспекциясининг 2015 йил учун ҳисоботи бўйича вазирликнинг Назорат инспекцияси раҳбари А.Агзамов маъруза қилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2015 йилдаги молия-хўжалик фаолиятлари якуни ва 2016 йилга мўлжалланган истиқболли йўналишлари мавзусида Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш бош бошқармаси бошлиқ ўринбосари Ё.Файзуллаев маълумотлари тингланди.
Шундан сўнг, кун тартибининг навбатдаги масаласи – даволаш-профилактика муассасаларида шифохона ичи инфекцияларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, мавжуд масалалар ва келгусидаги вазифалар юзасидан Б.Алматовнинг маърузаси муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги Қарорнинг бажарилиши ҳақида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи М.Содиқов маъруза қилди.
Ушбу маърузадан кейин Ҳайъат йиғилиши иштирокчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва патронаж хизматининг ҳолати хусусидаги масалаларни кўриб чиқишди.
Кун тартибидан ўрин олган асосий масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, йиғилиш сўнгида мазкур масалалар юзасидан вазирлик Ҳайъатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати