Табиий газдан хавфсиз фойдаланиш чоралари
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2006 йил 8 августдаги “Ўзтрансгаз” акционерлик компанияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, компания истеъмолчиларнинг табиий газдан хавфсиз ва оқилона фойдаланишини таъминлаш чораларини кўрмоқда.
“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари М.Бошмановнинг сўзларига кўра, жорий иситиш мавсумида аҳолининг ис газидан заҳарланиши билан боғлиқ қатор ҳолатлар қайд этилган. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола ва ностандарт газ мосламаларидан фойдаланиш, газ коммуникацияларига резина шланглар орқали уланиш, мўриларнинг носозлиги ҳамда шамол яхши айланмайдиган биноларни газ ускуналари ёрдамида иситиш бунга сабаб бўлаётир.
Компания мутахассислари бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот ишларини амалга оширмоқда. Чунончи, газ ва газ ускуналаридан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш чоралари ва қоидалари тушунтирилмоқда. Масалан, марказлаштирилган коммуникацияларга уланган газ плиталаридан фойдаланадиган хонадон эгалари уларни 2 йилда бир марта, газ баллонида ишлайдиган газ плиталарига эга аҳоли эса 1 йилда бир марта техник кўрикдан ўтказиши шарт. Бундан ташқари, мутахассислар газда ишлайдиган иситиш ва сув иситиш ускуналарини иситиш мавсуми олдидан йилига бир марта кўрикдан ўтказиши зарур.
Матбуот анжуманида фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга бағишланган видеороликлар намойиш қилинди.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА
Манба: uza.uz