Саломатлик ва келажакка ишонч асоси
Соғлом она ва бола йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Президентимиз раислигида 11 февраль куни ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада эришилаётган ютуқ ва марралар аниқ рақам ва мисоллар воситасида кўрсатиб ўтилди.
Қиз болаларни оммавий спортга жалб этиш борасидаги амалий ишларга алоҳида тўхтаб ўтилган. Хусусан, Фарғона вилоятида 47,6 фоиз қизлар спорт билан шуғулланаётгани алоҳида қайд этилган.
Вилоятда бугунги кунда 146 мингдан зиёд қиз спортга жалб этилган бўлиб, уларнинг 54 мингдан зиёди спорт билан мунтазам шуғулланаётир. Бадиий гимнастика, синхрон сузиш, кураш, теннис каби спорт турлари тобора оммалашмоқда. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари орасида Камола Раҳмонова, Сарвиноз Саидхўжаева каби спортчи қизларнинг борлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Мамлакатимизда спортнинг нафис тури – бадиий гимнастикани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, спортнинг бу турини ривожлантириш мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” концепциясининг муҳим таркибий қисмидир. Кейинги 5 йилда Фарғона шаҳрида Бадиий гимнастика маркази, барча шаҳар ва туманларда бадиий гимнастика бўйича тўгараклар ташкил этилгани қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қўқон шаҳридаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 200 нафар қиз бадиий гимнастика билан шуғулланмоқда.
– Бадиий гимнастика қизларни жисмонан ва руҳан соғлом, лобар, иродали этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутишини кўпчилик ота-оналар яхши билади, – дейди мураббия Гўзал Тешабоева. – Бу спорт турида қизларнинг нафақат қомати чиройли, тик ўсади, балки оёғида нуқсони борларни ҳам даволаш мумкин. Масалан, ўтган йили 10 нафар шундай қиз тўғри юришга ўрганди.
Мураббиянинг шогирдлари машғулотларда фаол қатнашади, у кўрсатган элементлар, амалга оширган ҳар бир ҳаракатни қунт билан ўрганади. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирдан чиқарилган спорт залида барча қулайликлар мавжуд. Замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланган.
– Набирам Нозимани олиб келгандим, – дейди Раҳима опа Қурбонова. –Шифокорлар унинг оёғида нуқсони борлигини айтгач, хафа бўлдим. Гўзалой бу нуқсонни тўғрилаш мумкинлигини айтди, мунтазам машғулотларга олиб келишимизни, жараён узоқ давом этишини тайинлади. Мана, орадан 4 йил ўтди. Ҳозир у барча машқларни тенгдошлари қатори бажармоқда.
Мактаб тарбияланувчилари турли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. 2015 йили Наманган вилоятида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Наима Бобохонова вилоят терма жамоаси таркибида совриндорлар қаторидан жой олди. Фарангиз Холиқова “Мовий гумбаз” турнирида иккинчи ўринни эгаллади. Яқинда Қува туманида Соғлом она ва бола йилига бағишлаб ўтказилган вилоят биринчилигида мактаб ўқувчилари М.Ҳожиматова ва Ҳ.Абдураҳимова биринчи ўринни қўлга киритди.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган эзгу ишлар фарзандларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, иродасини тоблаш билан бирга, уларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур туйғуларини юксалтирмоқда, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
Манба: uza.uz