UZ RU
12.02.2016

Соғлом авлод – келажак пойдевори

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиб, соғлом турмуш тарғиботига бағишланган турли тадбирлар, тиббий кўрик ва саломатлик ҳафталиклари ўтказилаётир.

Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Миришкор ва Нишон туманларида ўтказилган саломатлик ҳафталиги шулар жумласидандир.

Ҳафталикка вилоят “Она ва бола” скрининг маркази, вилоят сил касалликлари диспансери, ОИТСга қарши кураш ҳамда давлат санитария-эпидемиология назорати марказларидан малакали мутахассислар жалб этилди.

– Аҳоли саломатлиги, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Нишон тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Икром Бозоров. – Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, соғлом онадан соғлом бола дунёга келади. Соғлом авлод эса мустаҳкам келажак пойдеворидир. Ҳафталик доирасида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, болалар касалликларининг олдини олиш, тўғри овқатланиш мавзуларида мулоқотлар ташкил этилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА

Манба: uza.uz