Хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бухоро вилоятида ҳам ушбу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2015 йилда вилоятда Инвестиция дастури доирасида Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Вобкент туманлари тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят болалар тиббиёт маркази бинолари таъмирланди ва янгидан қурилди. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу мақсадлар учун 29,6 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда жойларда ўтказилаётган тиббий кўриклар муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган йили ташкил этилган ана шундай тадбирларга қарийб 1,5 миллион аҳоли жалб этилиб, касаллиги аниқланган беморлар амбулатор, стационар ва санатория шароитида соғломлаштирилган.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида олиб борилаётган профилактик тадбирлар самарасида репродуктив саломатлик кўрсаткичи яхшиланмоқда. Тизимнинг бирламчи бўғини ҳисобланган қишлоқ врачлик пунктлари касалликни эрта аниқлаш билан бирга, аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шифокорларнинг билими ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи И.Омонов. – 2015 йилда вилоятда 20 мингдан зиёд шифокор ва ҳамшира ана шундай тадбирларга жалб этилди. 20 дан ортиқ мутахассис хориждаги нуфузли клиникаларда малакасини оширди. Шифохоналарнинг замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозлангани 45 га яқин жарроҳлик амалиётини татбиқ этиш имконини берди. Юрак хасталиги, бош мия ва бўғин соҳасидаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари, замонавий хирургиядаги эндоскопик операциялар шулар жумласидандир. Аҳолининг касалланиш кўрсаткичи 17,2 фоиз, ўткир диарея касалликлари 2 марта, камқонлик 11,9 фоизга камайди.
Тадбирда эришилган ютуқлар билан бирга, айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Соғлом она ва бола йилида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, аёлларнинг ҳомиладорлик давридан бошлаб туғруқ, туғруқдан кейинги даврда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, қишлоқ врачлик пунктлари ва даволаш муассасаларида патронаж тизими имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.
Эркин Ёдгоров, ЎзА
Манба: uza.uz