Янги лойиҳалар тақдимоти
Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда жорий йилда бўлиб ўтадиган IX инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркасига тайёргарлик доирасида ташкил этилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, тадқиқотчи-изланувчилар ва магистрантлар томонидан ишлаб чиқилган ва тайёрланган инновацион ғоя, технология ва лойиҳалар, ўқув-услубий қўлланмалар намойиш этилди.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ички касалликлар, кардиология ва ноинфекцион касалликлар профилактикаси, айниқса, тиббиёт ашёлари ишлаб чиқариш бўйича ишланмалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Ярмаркада ўсмирларнинг жисмоний, руҳий-психологик ривожланиши, улғайиш ва фикрлаш даражасининг мутаносиблигида учрайдиган муаммоларга бағишланган илмий-тадқиқот ишим билан иштирок этдим, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти умумий амалиёт шифокорлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш кафедраси катта ўқитувчиси Марҳабо Бойқўзиева. – Ушбу тадқиқот натижалари болаларнинг соғлом ўсишида учрайдиган бир қатор нуқсонларни бартараф этишга ёрдам беради. Бундай тадбирлар илмий- тадқиқот олиб бораётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш билан бирга, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
“Энг фаол ёш илмий тадқиқотчи”, “Энг фаол илмий тадқиқотчи аёл”, “Энг оригинал лойиҳа муаллифи” сингари қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом, сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзA
Манба: uza.uz