UZ RU
06.02.2016

Янги даволаш ускунаси ўрнатилди

Тошкент шаҳар онкология диспансерига брахитерапия усулида даволашда қўлланиладиган замонавий радиотерапия аппарати олиб келинди.

Германияда ишлаб чиқарилган ушбу ускуна ёрдамида йигирмага яқин аъзодаги хавфли ўсмаларни самарали даволаш мумкин.

– Брахитерапия бир қатор йўналишлардаги малакали мутахассислар ҳамкорлигида амалга оширилади, – дейди Тошкент шаҳар онкология диспансери бош шифокори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Одил Абдураҳмонов. – Тиббиёт муассасамизда бунинг учун илмий ва моддий-техник салоҳият етарли. Бир гуруҳ шифокорларимиз хорижий мамлакатларда малака ошириб қайтди. Халқаро ҳамкорликни изчил давом эттириш, илм-фанимиз салоҳиятини янада ривожлантириш йўлида илмий ва амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Бу мамлакатимизда онкологик касалликларни самарали даволаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг изчил давомидир. Бугунги кунда Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари онкология диспансерлари янги бинода фаолият кўрсатмоқда. Аксарият диспансерларда радиология бўлимлари ташкил этилган. Онкология соҳасида ягона электрон ахборот базаси шакллантирилган. Ушбу тизим онкологик хасталикларга чалинган беморларни ҳисобга олиш, уларга ташхис қўйиш, даволаш ва кузатиш ишларида узвийликни таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш мақсадида аҳоли орасида скрининг ишлари ҳам кучайтирилаётир. Хусусан, аёллар орасида кенг тарқалган ўсма касалликлари профилактикаси бўйича чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилиши натижасида касалликни эрта аниқлаш ва самарали даволашга эришилмоқда.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: uza.uz