UZ RU
06.02.2016

Тани соғлом, фикри тиниқ болалар

Диясбек спортга қатнашни бошладию жисмоний ҳолати ва руҳияти ўзгарди. Онаси Азима опа ўғлининг ҳар томонлама соғлом улғаяётгани, фикрлаши, ақлий салоҳияти, жисмоний имконияти ошиб бораётгани, ўзига ишончи ортганини кўриб севинди.

– Ўғилларим – Элмурод бокс, Диясбек эркин кураш билан мунтазам шуғулланади, – дейди Азима опа. – Боланинг спорт билан шуғулланиши ҳар томонлама фойдали. Спортга қатнаган бола жисмонан соғлом, бақувват, айни пайтда мустақил фикрлайдиган, интилувчан, тартиб-интизомли бўлади, турли салбий иллатлардан йироқ юради. Бугунги кунда ўғил-қизларимиз учун улкан имкониятлар, шарт-шароитлар яратилган, улар бундан унумли фойдаланиши зарур.

Дарҳақиқат, спорт ўғил-қизларда кучли ирода, ғалаба ва мақсад сари интилиш фазилатларини тарбиялашда, уларнинг қалби ва онгига ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, фахр-ифтихор каби туйғуларни сингдиришда муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз раҳнамолигида спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик навқирон авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда.

Пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган 24-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг футбол, бокс, эркин кураш, дзюдо ва бадиий гимнастика секцияларида 480 дан ортиқ ўғил-қиз мунтазам шуғулланмоқда. Қизларни спортга жалб этишда ҳам юқори кўрсаткичларга эришилмоқда.

– Болаларнинг кўзларида спортга иштиёқни, шижоатни кўриб, ҳавасим келади, – дейди мактаб директори Ҳасан Дуйсебоев. – Бизнинг болалигимизда бугунгидай кенг имкониятлар йўқ эди. Бугун болалар ўзи қизиққан спорт тури билан шуғулланиши учун барча шароит муҳайё. Машғулотларни малакали мураббийлар олиб боради.

Мактабда футбол майдони, спорт зали, тренажёр зали, шунингдек, тиббиёт, ювиниш ва кийим алмаштириш хоналари болалар ихтиёрида. Болаларни спорт турларига жалб этишда аввало уларнинг ёши, қизиқиши, саломатлик даражаси ва қобилиятига эътибор қаратилмоқда.

Спорт секциялари фаолияти қатъий жадвал асосида ташкил этилган. Машғулотлар жараёнида болалар саломатлиги тиббиёт ходимлари томонидан доимий назорат қилинади. Бу ерда болалар йилига икки марта тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлиги, жисмоний ва руҳий ҳолати қайд этиб борилади. Ўтган йилги тиббий кўрик натижалари ўғил-қизларнинг бўйи ўсгани, вазни меъёрлашганини кўрсатди. Спорт билан мунтазам шуғулланаётган болаларнинг тетик ва ҳаракатчанлиги, касалликларга чалинмаётгани ота-оналарни хушнуд этмоқда.

Мактабнинг эркин кураш секциясида саксонга яқин бола малакали мураббийлар қўл остида спорт сирларини пухта эгалламоқда. Улар шаҳар ва мамлакат биринчиликларида, халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб келаётгани бу ерда иқтидорли ёшларни тарбиялашга қаратилган алоҳида эътибор самарасидир.

...Машғулотлар тугади. Азима опа ўғлининг машқларни чаққон ва дадил бажаришини кўриб қувонади. Диясбек ўз таассуротларини онасига айтишга шошилади:

– Мураббийимиз агар машқларни шундай бажаришда давом этсам, яқинда мусобақага чиқишимни айтди, – дейди у фахрланиб. – Келажакда мен ҳам жаҳон чемпиони бўламан!

Байрам Айтмуродов, ЎзА

Манба: uza.uz