Тиббий таълимни такомиллаштириш истиқболлари
Жорий йилнинг 5 феврал куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Шифокорларнинг узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш” масалалари бўйича республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимлари, вазирлик тасарруфидаги ҳудудий органлар, ихтисослаштирилган марказлар, илмий текшириш институтлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва илмий ходимлари иштирок этди.
Семинарни соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 21 январдаги “Шифокорларни мунтазам аттестациядан ўтказиш ва олий тиббиёт таълим муассасаларига қабул квоталарини белгилаш тизимини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси тўғрисида семинар иштирокчиларига атрофлича маълумот бериб ўтди.
Шундан сўнг соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган фармон ва қарорлари талабларининг ижросининг бажарилишидаги аҳамияти бўйича маъруза қилди.
Тадбирда қайд этилганидек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, тиббиёт ташкилотларини чуқур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича муайян мутахассисларга бўлган реал эҳтиёждан келиб чиқиб, олий тиббиёт таълим муассасаларига қабул квоталарини тизимли асосда белгилаш ишларини такомиллаштириш мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизиминининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Семинарни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи Ў.Исмаилов ўз маърузаси билан давом эттириб, тиббиёт ходимларининг узлуксиз таълим тизимининг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалар ва хориж мамлакатлари тажрибасига алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида, шунингдек, шифокорларни мунтазам аттестациядан ўтказиш ва касбий таълим олиш тизимини янада такомиллаштириш маслаларига бағишланган маърузалар тингланди.
– Бугунги семинар соғлиқни сақлаш тизимидаги энг муҳим масалага, яъни кадрлар масаласига бағишланди. Дарҳақиқат, шифокорлар малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда катта аҳамиятга эга, – дейди Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Холдаров. – Вилоятимизда 1778 нафар олий маълумотли шифокорлар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шифокорларимизнинг 45,1 фоизи малака тоифасига эга мутахассислардир. 2015 йилда 311 нафар шифокор ўз малакасини оширди.
Қизиқарли савол-жавоб ва баҳс-мунозараларга бой ўтган семинарнинг пленар йиғилишидан сўнг тадбир терапия, жарроҳлик, педиатрия, тиббий-профилактика ва умумий амалиёт шифокорлари фаолияти каби йўналишларда секцияларда давом этди.
Тадбир якунида семинар резолюцияси қабул қилинди.
UzMedInfo маркази