UZ RU
30.01.2016

Соғлом жамият кафолати

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан “Аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришда партия иштироки” мавзусида тадбир ўтказилди.

Соғлом она ва бола йилига бағишлаб Беруний тумани тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Туманда 280 дан ортиқ малакали шифокор аҳоли саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилмоқда.

– Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Беруний тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Шукрулло Шомуродов. – Туманимизда битта кўп тармоқли ҳамда битта оилавий поликлиника, 16 қишлоқ врачлик пункти аҳоли саломатлигига посбон. Чақалоқлар ва ҳомиладор аёллар мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, доимий назоратга олинган. Бу каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда аҳолининг тиббий маданиятни юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА

Манба: uza.uz