Соғлом авлод камолотида оиланинг ўрни
Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти кенгашлари ходимлари, “Фаол аёллар” қаноти етакчилари, хотин-қизлар қўмиталари, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар, айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш масалаларини тартибга солувчи қонунларнинг мазмун-моҳияти билан аҳолини яқиндан таништиришга оид ишлар муҳокама қилинди.
Жорий йилда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунлар, фармонлар, қарорларнинг бажарилиши юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Хусусан, хотин-қизлар, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ўрганиш, бу борада юзага келган муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича халк депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига масалалар киритишга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.
Соғлом она ва бола йили муносабати билан туркум тадбирларни ташкил этиш ҳамда уларни юқори савияда ўтказиш юзасидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш секторлари ва “Фаол аёллар” қаноти олдида турган вазифалар белгилаб олинди. “Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг ҳуқуқий асослари”, “Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда оиланинг ўрни” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Гўзал Сатторова, ЎзА
Манба: uza.uz