Одам савдоси – глобал муаммо
Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш масаласига бағишлаб ўтказилган тадбирда бу алоҳида таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам бериш ва уларни ҳимоялаш бўйича республика реабилитация маркази мутахассислари, Қўнғирот, Мўйноқ, Қанликўл ва Шуманай туманлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро ҳудудий комиссияси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро ҳудудий комиссияси томонидан 2009-2015 йилларда олиб борилган ишлар муҳокама этилди. Хусусан, одам савдосига қарши курашиш, унинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш, оқибатларини камайтириш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
– Жамоатчилик ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилаётган йиғилиш ва учрашувларда одам савдосига йўл очувчи сабаблар ва унинг олдини олиш омилларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Мўйноқ тумани кенгаши раиси Саламат Иноятов. – Тадбирда мазкур муаммога қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш ва бу борада ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, одам савдосига қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, ушбу йўналишдаги миллий ва халқаро қонунчиликнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
Манба: uza.uz