UZ RU
30.01.2016

Хотин-қизлар эътибор ва рағбатда

Мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган йиғилишда бу борадаги ишларнинг натижаси ҳақида сўз борди. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган 12 йиллик узлуксиз таълим тизимида қизлар билимли, касб-ҳунарли бўлиб тарбияланаётгани алоҳида таъкидланди. Бу уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлмоқда.

2015 йилда касб-ҳунар коллежларини битирган 218 минг 886 қизнинг 94 фоизи мутахассислиги бўйича ишга жойлашган. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги қизларга имтиёзли кредитлар ажратилган.

Хотин-қизлар қўмитасининг ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борган ишлари самарасида ўтган йили мамлакатимизда хотин-қизлар учун 404 минг 155 иш ўрни яратилди. Уларнинг салмоқли қисми кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига тўғри келди.

Қўмита томонидан барча маҳаллаларда ташкил этилган «Саломатлик секторлари» вакиллари ҳар бир оилага кириб, аёллар ва қизлар, ёш болаларни соғломлаштириш жараёнларига тўлақонли қамраб олинишига кўмаклашди. Аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган турли спорт мусобақаларига ёши ва касб-кори турлича бўлган хотин-қизлар кенг жалб этилди. Оилавий ажримлар ва қизларни эрта турмушга узатишнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида маҳаллалар ва таълим масканларидаги «Ораста қизлар» тўгараги аъзолари ёши улуғ, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларга ҳар томонлама ёрдам берди. Турли ижтимоий-маърифий акциялар, давра суҳбатлари, «Авлодлар учрашувлари» ўтказилди.

Қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар аёлларнинг тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларини шакллантириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилди.

Йиғилишда қўмита фаолияти кенг ва атрофлича таҳлил этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА

Манба: uza.uz