Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 29 январ куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда вазирликнинг Ҳайъат аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимлари, вазирлик тасарруфидаги ҳудудий органлар, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишни соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов очиб берди ва олиб борди.
Ҳайъат йиғилишида кун тартибига оид қатор масалалар кўриб чиқилди. Асосий масалалардан бири – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган фармон ва қарорлари талабларининг ижроси ҳақида соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов маъруза қилди.
Шундан сўнг 2015 йил "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда 2016 йилда тизимга доир амалга ошириладиган истиқболли режа ва чора-тадбирлар хусусида вазир А.Алимов берган маълумотлар тингланди.
Кун тартибининг навбатдаги масаласи ҳисобланган – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши ўртасида 2013-2015 йиллар учун тузилган икки томонлама Тармоқ келишувининг бажарилиш якуни тўғрисида ва бошқа бир қатор қўшимча масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Ф.Ханапияев маъруза қилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган халқаро давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги ишлар ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассисларини (врачлар, ҳамширалар) хорижий мамлакатларнинг етакчи тиббиёт марказлари, клиникалари ва ОЎЮларига қайта ўқитишга, ихтисослашув ва стажировкаларга юбориш тажрибаси ва истиқболлари хусусида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ташқи иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи ўринбосари У.Хайруллаев берган маълумотлар тингланди.
Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Ў.Абилов Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида" ги ПҚ-451-сонли Қарорининг ижроси ҳақида маъруза қилди.
Ҳайъат йиғилишида асосий масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, бир қатор қўшимча масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида туғилганлик ва ўлимни электрон рўйхатга олиш ахборот тизимини жорий этиш бўйича соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари А.Худаяров ҳамда вазир ўринбосари Л.Туйчиев маъруза қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 21 январдаги 14-сонли “Шифокорларни мунтазам аттестациядан ўтказиш ва олий тиббиёт таълим муассасаларига қабул квоталарини белгиллаш тизимини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими тиббиёт ташкилотлари шифокорларини эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги юзасидан мунтазам аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида ўтказиладиган аттестация бўйича вазир ўринбосари Л.Тўйчиев маълумот берди.
Йиғилишнинг кейинги масаласи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 январдаги 15 сонли “Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштирилаган инвестиция лойиҳаларини лойиҳалаштириш ишларини ва экспертизадан ўтказишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги Қарори хусусида вазирликнинг Давлат тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Б.Эргашев маъруза қилди.
Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 21 январдаги 14/09-06-2-сонли мажлис баёни ва 2016 йил 26 январдаги 18 ОПП-2 сонли топшириғининг ижросини бажариш мақсадида вазирлик тизимидаги ДПМларда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги 12-сонли «Ижро интизомини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги Қарори талабларининг жойларда бажарилиши бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги Назорат инспекцияси бошлиғи А.Агзамов берган маълумотлар билан танишиб чиқишди.
Асосий ва қўшимча масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, мазкур масалалар юзасидан вазирлик Ҳайъатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати