Тиббиёт марказининг янги даволаш мажмуаси
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги юз-жағ хирургияси, кардиоревматология, пульмонология, эрта ёшдаги болалар патологияси бўлимлари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.
– Марказимизда яратилган қулайликлар ва шифокорларнинг пойтахтда ҳамда хориждаги нуфузли ихтисослашган тиббиёт марказларида малака ошириб қайтаётгани туфайли даволашда юқори самарадорликка эришилмоқда, – дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Н.Бурҳонова. – Илгари пойтахтда амалга оширилган туғма нуқсонли болаларни пластик жарроҳлик йўли билан даволаш, ошқозон-ичак ва сийдик-таносил аъзоларини операция қилиш эндиликда ўзимизда бажарилаётир.
Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 3 миллиард 612 миллион сўмлик бўлган мазкур объект “20-трест” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бунёд этилди.
Кейинги йилларда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида Бухоро вилоятида ҳам болалар ўлими кескин камайди. Бунда туман ва шаҳарлардаги шифохоналар учун ташкилий-услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш вазифасини бажараётган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими М.Эсонов сўзга чиқди.
Эркин Ёдгоров, ЎзА
Манба: uza.uz