Билимли ёшлар – мамлакат келажаги
– Кимё фани мўъжизаларга бой, – дейди Фаррух. – Мактабда биология ва кимё фанига алоҳида меҳр қўйиб ўрганганман. Лицейга ўқишга кирганимдан сўнг бу ердаги муҳит, устозларнинг талабчанлиги ва тенгдошларимнинг билим олишга бўлган иштиёқи мени бу фанларни чуқур ўзлаштиришга ундади. Келгусида Тошкент тиббиёт академиясида ўқишни давом эттирмоқчиман.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, ёшларга жаҳон андозалари даражасида билим бериш, юксак интеллектуал салоҳиятли, бой дунёқарашга эга баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши туфайли таълим сифати ва самарадорлиги ошди, мактаблар замонавий ўқув-услубий воситалар, ахборот технологиялари билан таъминланди. Билим даргоҳларининг ўқув ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этишга доир кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда.
– Ўтган йиллар давомида 8 ўқувчимиз халқаро Менделеев, ўнга яқин ёшларимиз “Интер-Химик-Юниор” халқаро масофавий ҳамда республика фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди, – дейди Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицей директори Анвар Шермуродов. – Ўқув жараёнида иқтидорли ўқувчиларнинг таълим олишига алоҳида ёндашамиз. Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида фаолият олиб бораётганимиз ўқувчиларнинг билимини янада мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.
Академик лицейда чет тилларини ўргатиш ҳам доимий эътиборда. Билим даргоҳи Тошкент тиббиёт академияси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, тиббиёт илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Россия Федерациясининг тиббиётга ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Лицейда ўқувчиларни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, жисмонан соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ўқув жараёнининг узвий қисмини ташкил этади.
Манба: uza.uz