UZ RU
14.01.2016

Яхши лабораториялар – мустаҳкам соғлиқ

Жорий йилнинг 14 январ куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида “Яхши лабораториялар – мустаҳкам соғлиқ” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа Минтақавий Бюроси билан ҳамкорликда миллий лаборатория сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича Тўртинчи мажлис доирасида ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, илмий тадқиқот институтлари ва республика илмий тиббиёт марказлари ходимлари, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти мутахассислари, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари фаол иштирок этди.

Асосий мақсади мамлакатимиз ва бошқа давлатларда лаборатория хизмати имкониятларини кенгайтириш ҳисобланган “Яхши лабораториялар – мустаҳкам соғлиқ” семинари иштирокчилар ва меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Семинар савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлди. Унда соғлиқни сақлашни ривожлантириш, шунингдек, лаборатория хизмати ахборот ва коммуникация тизимиларини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Бу эса ўз навбатида жамият саломатлигини сақлаш соҳасида муҳим воқеаларни, жумладан, халқаро тиббий-санитар қоидаларга мувофиқ жавоб чора-тадбирларини қабул қилишни талаб этувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган фавқулодда ҳодисаларни ишоняли аниқлашни таъминлайди.

 

UzMedInfo маркази

Aхборот хизмати