UZ RU
13.01.2016

Оила саломатлиги – жамият бойлиги

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фондига қарашли тиббий-ижтимоий марказда Тошкент ҳарбий округи Сержантлар тайёрлаш мактаби ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш, «Соғлом она – соғлом бола» умуммиллий ҳаракатини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётир.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ушбу йўналишдаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишларни амалга оширмоқда. Ушбу тадбирлар жараёнида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини кенг қамраб олиш, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йилда ушбу соғломлаштириш тадбирларига 13 мингдан ортиқ ҳарбий ва уларнинг оила аъзолари қамраб олинди, тегишли тартибда тиббий диагностика ёрдами кўрсатилди.

Навбатдаги тиббий кўрикда Тошкент ҳарбий округи Сержантлар тайёрлаш мактаби ҳарбий хизматчиларининг 200 га яқин оила аъзолари жалб этилди.

– Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига тиббий-профилактика ва даволаш ёрдами кўрсатиш бўйича самарали тизим шакллантирилган, – дейди Тошкент ҳарбий округи Сержантлар тайёрлаш мактаби етакчи мутахассиси Рихси Муродова. – Ҳарбийларга кўрсатилаётган бундай эътибор Ватан ҳимоячиларининг хизмат бурчини муваффақиятли адо этишига замин яратади.

Тиббий кўрик доирасида соғлом турмуш тарзи, репродуктив саломатлик, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, бехатар оналик, соғлом оила барпо этиш, болалар ва ўсмирларни соғломлаштириш, спортнинг ёшлар камолотида тутган ўрни юзасидан тарғибот ишлари амалга оширилди, тадбир иштирокчиларига ушбу мавзуларда чоп этилган материаллар тақдим этилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: uza.uz