UZ RU
12.01.2016

Ҳарбий шифокорлар мактаби

Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизмат мавқеини янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий тиббиёт факультетининг ташкил этилиши мамлакатимизнинг барча ҳарбий қисмларини юқори малакали ва пухта тайёргарликка эга ҳарбий шифокорлар билан таъминлаш имконини бераётир. Факультет Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 июлдаги “Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий-тиббиёт факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг ҳарбий кафедраси негизида ташкил этилган.

– Факультет Қуролли Кучларимиз учун тиббий хизмат офицерларини тайёрлайдиган мамлакатимиздаги ягона ўқув муассасасидир, – дейди умумҳарбий тайёргарлик кафедраси бошлиғи, подполковник Азимжон Мажидов. – Факультетимизда тиббий хизмат офицерларини тайёрлаш учун барча шароит мавжуд. Ўқув муассасасида нафақат тиббиёт йўналиши, балки ҳарбий тайёргарлик бўйича ҳам курсантларнинг кўникмаларини ошириб борамиз.

Факультет курсантларининг интеллектуал салоҳияти ва уларни ўқитиш даражасининг юқорилигини кафедралар, ўқув ва маъруза хоналарининг адабиётлар ва ўқув материаллари билан тўлиқ таъминлангани билан ҳам баҳолаш мумкин. Курсантлар машғулотлар давомида қўшинларни тиббий таъминлаш, ҳарбий-дала жарроҳлиги ва терапиясини ташкил этиш, гигиена ва эпидемиология, токсикология ва радиология, даволаш усуллари бўйича билим олмоқда. Бундан ташқари, курсантлар ҳарбий фанларни пухта ўрганиб, жисмоний тайёргарлигини ҳам оширмоқда.

Таълим жараёни замонавий педагогик услубларга асосланган бўлиб, ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилмоқда. Бўлажак ҳарбий шифокорларнинг касб маҳоратини оширишга ёрдам берадиган турли кўргазмали қўлланмалар, макет ва тренажёрлар ҳам эътиборга лойиқ.

– Ҳарбий хизматчиларнинг саломатлиги ва ҳаёти кўп жиҳатдан бизнинг фаолиятимизга боғлиқ эканини яхши англаймиз, – дейди курсант Абдужамил Жиянов. – Бўлғуси ҳарбий шифокор сифатида ўз ишимизга катта масъулият билан ёндашишимиз зарур.

Факультетда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 24 йиллигини нишонлашга катта тайёргарлик кўрилди. Курсантлар учун давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларда давлатимиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашда миллий армиямизнинг ўрни ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берилди.

Нурилло Насриев, ЎзА

Манба: uza.uz